1005-ҳадис

1005. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аёл кишининг ёнида маҳрами бўлмаса, эр киши у билан зинҳор холи қолмасин! Маҳрами бирга бўлмаса, аёл киши зинҳор сафар қилмасин!» деб хутба қилганларини эшитганман. Шунда бир киши туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, аёлим ҳаж қилиб йўлга чиққан, мен эса фалонфалон ғазотга ёзилган эдим», деди. У зот: «Бор, сен аёлинг билан ҳаж қил», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда аёл киши ҳаж қилиши учун маҳрами бирга бўлиши шарт эканлиги келиб чиқади. Шунингдек, аёл кишининг бегона эркак билан холи қолиши мумкин эмас. Чунки бу ҳолат фитнага сабаб бўлади. Муслима аёл сафарга чиққанида ҳам, албатта, ўз эри ёки бирорта маҳрами билан бирга чиқмоғи лозим. 

Чунки сафарда турли ҳолатлар юзага келиши, жумладан аёл киши учун ноқулай ҳолатлар бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, муслима аёлнинг шарафига тўғри келмайдиган ишлар, ҳолатлар юзага келиши аниқ. Ана ўшандоқ пайтларда муслима аёлга эри ёки маҳрами хизмат қилади ва унинг шарафини ва ҳурматини жойига қўяди.

Пайғамбаримиз алаҳиссалом бир кишига ғазотдан қолиб, хотинини ҳажга кузатиб боришни амр қилмоқдалар. Бу ҳам ҳаж қилувчи аёлга маҳрам ўта зарур ва шартлигини кўрсатади.  

1005 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «لَا يَخْلُوَنَّ رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ إِلَّا وَمَعَهَا ذُو مَحْرَمٍ، وَلَا تُسَافِرُ الْمَرْأَةُ إِلَّا مَعَ ذِي مَحْرَمٍ» فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إنَّ امْرَأَتِي خَرَجَتْ حَاجَّةً، وَإِنِّي اكْتُتِبْتُ فِي غَزْوَةِ كَذَا وَكَذَا؟ قَالَ: «انْطَلِـقْ فَحُجَّ مَعَ امْرَأَتِكَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш