1006-ҳадис

1006. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни:

«Қуръон ўқинглар, чунки у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлиб келади», деб айтганларини эшитдим».

Имом Муслим ривояти. 

Шарҳ: Қиёмат куни шафоатчиси бўлиш ҳар қандай банда учун катта бахтдир. Одамлар ўша даҳшатли кунда шафоатчи топиш учун турли ишларни қиладилар ва чоралар ахтарадилар.

Ушбу ҳадиси шариф эса қиёмат куни энг ишончли шафоатчи топишнинг энг осон йўлига далолат қилмоқда. Бу Қуръони Каримни қироат қилмоқдир. Бас, ким қиёмат куни шафоатчиси бўлишини хоҳласа, Қуръони Каримни кўпроқ қироат қилсин.

Ҳадис китобларининг кўпида «Китабул фазаил» бўлимлари мавжуд. Бу бўлимларда асосан Қуръонинг фазилати, Қуръон оятларининг фазилатлари ва хусусиятлари айтилади. Кейинчалик Қуръонинг фазилатларини баён қилган алоҳида китоблар ёзилган. 

Қуръондаги баъзи суралар бошқаларига қараганда фазилатли бўлмаслиги борасида уламолар турли фикрларни билдиришган. Абул Ҳасан ал-Ашъарий, Қози Абу Бакр ал-Бақиллоний ва Ибн Ҳиббон каби олимлар бундай нарсанинг бўлиши мумкинмаслигини айтишган. Чунки Қуръоннинг барчаси Аллоҳнинг каломидир. Бир сура ёки оят бошқасидан фазилатлироқ деб айтиладиган бўлса, қаршисидагини нуқсони бор деган маъно чиқиб қолади. Бу эса тўғри эмас. Ислом олимларининг кўпчилиги бир суранинг бошқасидан, бир оятнинг эса яна бошқасидан фазилатлироқ бўлишини қабул қилишган. Чунки бу масалада изоҳга муҳтожлик бўлмайдиган даражада очиқ насслар мавжуд. Имом Қуртубий ҳам бу фикрни қўллаган.

Қуръоннинг қиёматда шафоатчи бўлиши, ундаги қонун қоидаларга амал қилган кимсаларга Аллоҳ раҳмати ва марҳамати билан муомала қилишидир. Қуръонни ибодат мақсадида ўқиш савоб ва мукофотли бир амалдир. Қуръон уни ўқиган ва амал қилган кимсага оҳиратда гувоҳ бўлади.

1006 - عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «اقْرَؤُوا القُرْآنَ؛ فَإِنَّهُ يَأْتِي يَوْمَ القِيَامَةِ شَفِيعاً لأَصْحَابِهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [804].


Улашиш
|
|
Нусха олиш