1010. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон ўқувчи мўминнинг мисоли утружжага* ўхшайди. Ҳиди ҳам, таъми ҳам яхши. Қуръон ўқимайдиган мўмин хурмога ўхшайди. Ҳиди йўғу таъми ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг мисоли райҳонга ўхшайди. Ҳиди яхши, лекин таъми аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ ҳанзалага* ўхшайди. Ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқ», деб айтдилар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Утружжа – бутасимон дарахт ва унинг меваси (цитрон, грейпфрут). Меваси лимонга ўхшаш, ёқимли таъмли ва ғоятда хушбўй бўлади.
“Хурмо” дейилганда араб хурмоси назарда тутилган. Маълумингизки, араб хурмосининг мазаси тотли бўлса-да, унинг ҳиди йўқ.
Ҳанзала – қовоқсимонлар оиласига мансуб, таъми аччиқ полиз экини ва унинг меваси (citrullus colocynthis).
Мазкур ҳадисда Қуръон тиловат қилиш, Каломуллоҳдан узоқ юриш қандай самара бериши ажойиб ўхшатиш орқали баён этилмоқда. Унда тўрт тоифа киши икки хил мева ҳамда икки хил ўсимликка ўхшатилмоқда: мўмин утружжага, хурмога, мунофиқ эса райҳонга, ҳанзалага менгзалмоқда. Бу билан мўмин банданинг шаъни нақадар улуғлиги, тилида мусулмонликни даъво қиладиган кимсанинг ҳолати нақадар ёмонлигини билиб оламиз. Қолаверса, ҳадисда Аллоҳнинг Каломи банданинг зоҳирига ҳам, ботинига ҳам таъсир қилиши таъкидланмоқда. Бандалар бу борада бир-биридан фарқ қилади. Ҳақиқий мўмин кўпроқ насибадор бўлади, кимдир озроқ. Қуръон баракасидан умуман бенасиб қоладиганлар ҳам йўқ эмас. Ушбу ҳадис шарҳи билан яқиндан танишадиган бўлсак, қуйидаги хулосаларга эга бўлиш мумкин.
“Қуръон ўқийдиган мўмин утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин”. Утружжа – лимонга ўхшаган мева. Унинг ажойиб ранги киши эътиборини тортади. Унга қараган инсон кўнглида қувонч пайдо бўлади. Қолаверса, утружжанинг хушбўй ҳиди, тотли мазаси бор. Утружжа мевалар ичида энг яхшиси бўлгани учун ҳам мўмин киши шу мевага ўхшатилмоқда. Мўминнинг қалбида иймони бор, нифоқ йўқ. У Қуръон ўқийди. Қуръон ўқиши шундоқ юз-кўзидан билиниб туради. Мўминнинг ташқи кўриши гўзал, хулқи чиройли. Асосийси ички олами – қалби гўзал. Қалбни ислоҳ қилишда, етук мўмин бўлишда Қуръоннинг аҳамияти жуда катта. Қуръон ўқийдиган мўминнинг – худди утружжа каби – таъми мазали: қалбида имон мустаҳкам ўрнашган, ҳиди хушбўй – одамлар унинг қироатини эшитиб роҳатланадилар, ажр-савоб оладилар, Қуръон ўқишни ўрганадилар.
Эътиборли жиҳати шундаки, ҳадисда “Қуръон ўқийдиган” дейиш билан Қуръонни ойда-йилда бир эмас, доим ўқиш лозимлигига ишора қилинмоқда. Зеро, комил мўмин банда Аллоҳнинг Каломини токчаларда ғариб ҳолда қолдирмайди, муттасил ўқиб-ўрганади, илоҳий таълимотларга мувофиқ яшайди.
“Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. Ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин”. Бу ҳам ажойиб ўхшатиш. Ҳар бир бандадан талаб этиладиган асосий нарса имондир. Мўмин банда имони билан қадрли. Лекин Аллоҳга, охират кунига ишонса-ю, Парвардигори Китобини ўқимаса, унинг қадри пасаяди. Шунинг учун , Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон ўқимайдиган мўминни хурмога ўхшатяптилар. Хурмонинг мазаси жуда ширин, лекин ҳиди йўқ. Бундан Қуръон ўқимаслик, ўқишни ўрганишга ҳаракат қилмаслик мўмин банда учун айб саналиши чиқмоқда. Бугунги кундаги кўп мусулмонлар бошига тушаётган кўп ташвишлардан чиқишнинг бирдан-бир чораси – Қуръонга қайтиш, Аллоҳнинг каломини қунт билан ўқиб-ўрганиш.
Шуни таъкидлаш лозимки, мўмин банда Қуръон ўқимаса ҳам унинг асли пок, чунки қалбида иймон бор. Қуръон ўқимагани ёки ўқий олмагани билан унинг ботини гўзал, аммо зоҳири ислоҳталаб.
“Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, бироқ мазаси тахир”. Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг райҳонга ўхшатилишига сабаб мунофиқ дилида касаллик бор, тилида мусулмонликни даъво қилади. Лекин қалбида иймон йўқ, ихлос йўқ. Маълумки, райҳоннинг ҳиди кўпчиликка ёқади. Аммо баргини чайнаган одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Мунофиқ ҳам шундай. Фақат Қуръон ўқигани учун унинг ҳиди хушбўй. Эътибор беринг: бу гап қалбида нифоқ иллати бор кимса ҳақида айтиляпти. Чинакам мўмин банда Қуръон ўқиш билан қанчалик юқори даражага кўтарилишини шундан ҳам билиб олса бўлади.
“Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала янглиғ ҳидсиз, таъми аччиқдир”. Ҳанзала – таъми, ҳиди ёқимсиз ўсимлик. Қалбида нифоқ бор, Қуръондан узоқ банда ҳанзалага ўхшайди. Унинг таъми аччиқ, устига-устак ҳиди ҳам бадбўй. Бу – тўрт тоифа ичидаги – энг паст поғона эгасидир. Мунофиқлик тамғаси бандани жуда паст даражага тушириб юборади. Агар у Қуръондан йироқ бўлса, поғонаси янада пасайиб кетади. Мунофиққа ибодат қилиш ҳам, Қуръон ўқиш ҳам оғирлик қилади. Шу маънода Абул Жавзо: “Мунофиқ учун Қуръон ўқишдан кўра зил-замбил тошларни кўтариб юриш осонроқ”, деган.
Ҳадиснинг мана шу қисмидан хулоса чиқарадиган бўлсак, аввало нифоқдан узоқ юриш, сиртдан мусулмон бўлиб кўриниб, Исломга тескари ишлардан қилишдан эҳтиёт бўлиш керак. Қолаверса, Қуръонга эътиборимизни кучайтирайлик. Зотан, мўмин-мусулмон бўла туриб Қуръон ўқимаслик маъқул эмас. Чунки Аллоҳ Қуръонни ўқиб-ўрганишимиз, Каломуллоҳ одоби ила хулқланишимиз учун нозил қилган.
1010 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «مَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِي يَقْرَأُ القُرْآنَ مَثَلُ الأُتْرُجَّةِ؛ رِيْحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا طَيِّبٌ، وَمَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِي لَا يَقْرَأُ القُرْآنَ كَمَثَلِ التَّمْرَةِ؛ لَا رِيْحَ لَهَا وَطَعْمُهَا حُلْوٌ، وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِي يَقْرَأُ القُرْآنَ كَمَثَلِ الرَّيْحَانَةِ؛ رِيْحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا مُرُّ، وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِي لَا يَقْرَأُ القُرْآنَ كَمَثَلِ الحَنْظَلَةِ؛ لَيْسَ لَهَا رِيْحٌ وَطَعْمُهَا مُرٌّ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5427، م 797].