1016-ҳадис

1016. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қуръон соҳибига шундай дейилади: «Ўқиб, кўтарилавергин ва дунёда тартил қилганингдек тартил қилавергин! Сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг даражасидадир».

Абу Довуд ва Термизийлар ривояти. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар. 

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда васф қилинаётган кўриниш қиёмат куни жаннатда бўлади. Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга кирган. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак. Ана шунда:

«Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер», дейилади. Яъни, жаннат ишларини юритиб турган фаришталар Қуръон соҳибига жаннат мартабалари зинасини кўрсатиб, қироат қилиб кўтарилавер, 

«Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир», дейдилар.

Қуръони Каримни тартил қилиш секин, шошилмай, дона-дона қилиб қироат қилишдир. Демак, Қуръон соҳиби бу дунёда Қуръони Каримни қандоқ ўқиган бўлса ўшандоқ ўқиб, мартаба зинасидан кўтариб бораверади. Агар у Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган бўлса, мартаба зинасининг энг юқори чўққисига чиқади. Озроқ ўқиган бўлса, мартабаси ҳам озроқ бўлади. Хуллас, унинг манзили зина бўйлаб кўтарилаётиб охирги ўқиган ояти тугаган ерда бўлади.

Шундай экан, жаннатдаги мартабамизни баланд бўлиши учун ҳаракат қилайлик.

1016 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ العَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «يُقَالُ لِصَاحِبِ الْقُرَآنِ: اقْرَأْ وَارْتَقِ، وَرَتِّلْ كَمَا كُنْتَ تُرَتِّلُ فِي الدُّنْيَا، فَإنَّ مَنْزِلَتَكَ عِنْدَ آخِرِ آيَةٍ تَقْرَؤُهَا». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 1464، ت 2914].


Улашиш
|
|
Нусха олиш