1018. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон соҳиби худди тушовланган туя (соҳибига) ўхшайди. Агар унга ҳушёр бўлса, уни тутиб туради, ташлаб қўйса, кетиб қолади», дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Қуръони каримнинг ёдланиши, тиловати ва тушунишнинг осон бўлиши ҳам Аллоҳ таоло томонидан бандаларига икром, раҳмат ва фазилатидир. Аллоҳ таоло «Қамар» сурасининг 17, 22, 32 ва 40-оятларида:
«Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, эслатма олувчи борми?!» дея марҳамат қилганидек, Қуръонни зикр учун осон қилиб қўймаганида, уни тўлиқ ёдлаш, ўрганиш тугул, битта ҳарфини ҳам ўқишга бирор кишининг қудрати етмас эди.
Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ «Дарҳақиқат, Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик» ояти «унинг қироатини енгил қилдик» деган маънони англатишини таъкидлаган. Суддий эса: «Агар Аллоҳ таоло одамзодга Қуръонни енгил қилмаганида, бирор киши Яратганнинг каломини гапира олмас эди», деган. Имом Қуртубий юқорида ўтган оят тафсирида: «Биз Қуръонни ёдлашга енгил қилдик ва уни ёдламоқчи бўлган кишига ёрдам берурмиз. Уни ёд олувчи киши борми? Унга ёрдам берилади»- деган.
Қуръони карим уни ёдлаш ва ўқишни одатий вазифа қилиб олган киши томонидан тез ва енгил ёдланиши, уни такрорлаш ва қайта ўқишга бепарво бўлган кишининг эса зеҳни ва хотирасидан тез унутилишида бошқа китоб ва (зикр, лафз)лардан буткул фарқ қилади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«Албатта, у азиз Китобдир», деган. (Фуссилат сураси, 41-оят).
Қуръони каримнинг мўъжизакорлиги қиёматгача давом этади. Унинг тез ёд олиниб, такрорлаб турмаса эсдан чиқиб қолиши ҳам ана ўша мўъжизалардан ҳисобланади. Бирор шеър ёки байтни ёдлаб кўрган инсон буни ҳис қилади. Уни ёдлаш учун анча мунча такрор қилади ва ёд олгандан сўнг эса уни ёддан кўтарилиши ҳам секин жорий бўлади.
Шунинг учун ёд олган сураларимизни доимий тарзда такрор қилиб туришимиз ва унинг ҳар бирига ўнтадан то етмиш баробаргача савобга сазовор бўлишга интилишимиз лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўз Каломига муҳаббатли инсонлардан қилсин.
1018 - وَعَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّمَا مَثَلُ صَاحِبِ الْقُرْآنِ كَمَثَلِ الإِبِلِ الْمُعَقَّلَةِ، إِنْ عَاهَدَ عَلَيْهَا أَمْسَكَهَا، وَإِنْ أَطْلَقَهَا، ذَهَبَتْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5033، م 789].