1020. Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга Оли Довуд найларидан берилганда!» дедилар».
Муттафақун алайҳ.
Имом Муслимнинг ривоятида: «Кечаси қироатингни тинглаётганимни кўрганингда эди» дедилар».
Шарҳ: Шунда Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Агар сизни тинглаётганингизни билганимда бундан ҳам бошқача қилиб ўқиб берардим», деганлар.
Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ажойиб таъсирли овоз берган эди. У киши Забурни ўқиганларида ҳамма тўхтаб қолар эди. Баъзи гапларга қараганда, осмондаги қушлар ҳам йиқилиб тушар эди.
Довуд алайҳиссалом Забурни етмиш хил услубда ўқир эдилар. У зот Забурни ўқиганларидан ўзлари ҳам йиғлар эдилар, ўзгаларни ҳам йиғлатар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Қуръони Карим тиловатларини худди ўша Довуд алайҳиссаломнинг Забур тиловатларига ўхшатмоқдалар.
Албатта, бу набавий мақтов улкан бахтдир. Унга бошқалар сазовор бўлган эмаслар.
Арабларда «най» («мизмаарун») сўзи аслида ҳаммага маълум пуфлаб чалинадиган мусиқа асбобини билдиради. Кўчма маънода эса бу сўз чиройли, ёқимли овозга нисбатан ҳам ишлатилади. Бу ерда шу кўчма маъно назарда тутилган.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг қироатларини эшитиб юрган бир кишидан қуйидагилар ривоят қилинади:
«Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳовлисига кирдим. Мен унинг овозидан гўзалроқ санжнинг ҳам, барбатнинг ҳам, найнинг ҳам овозини эшитмаганман».
Санж–мисдан икки табақа қилиб ишланган мусиқа асбоби.
Барбат–удга ўхшаган мусиқа асбоби.
Демак, Қуръони Каримни чиройли овоз билан гўзал қилиб ўқиш марғуб иш экан.
Довуд (а.с.) чиройли овозлари билан ҳам машҳур бўлган. Ҳадисдаги «Оли» сўзи, авлод, зурриёт ва бир кимсанинг тобеълари деган маънода келади. Фақат ҳадис шориҳларига кўра бу сўзга маъно беришмаган. Чунки Довуд (а.с.)нинг зурриётларининг ичидан овози уникичалик чиройли бошқа бир кимса билинмайди. Шу сабабли «оли» сўзи таржимада диққатга олинган эмас. Фақат Қуръонни чиройли овоз билан ўқиган Довуд (а.с.)нинг «оли» яъни тобеълари деб айтиш мумкин.
Саҳобалардан Абу Мусонинг овози чиройли эканлиги маълум. Пайғамбаримизнинг ундан Қуръон тинглашни ёқтиришларининг сабаби ҳам шунда. Шу ва шунга ўхшаш ҳадисларни далил олган уламолар, инсонни севги ва муҳаббатини оширадиган чиройли овоз билан Қуръон ўқишни мубоҳ деб айтган. Чунки бундай ўқиш, Аллоҳ қўрқувини ва Қуръон ўқишга ташвиқни олиб келади.
1020 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَهُ: «لَقَدْ أُوتِيتَ مِزْمَاراً مِنْ مَزَامِيرِ آلِ دَاوُدَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5048، م 793/236].
وَفِي رِوَايَةٍ لِمُسْلِمٍ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَهُ: «لَوْ رَأَيْتَنِي وَأَنَا أَسْتَمِعُ لِقِرَاءَتِكَ البَارِحَةَ» [793/236].