1021. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозида «ват-тийни ваз-зайтуни» сурасини ўқиганларини эшитдим. Мен бирор кишини у зотникидан кўра чиройли овозда эшитмаганман», деб айтдилар».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Ҳадиснинг баъзи ривоятларида, Баро ибн Озибнинг бу намозни сафар асносида Расулуллоҳ билан биргаликда ўқиганлиги билинмоқда. Чунки Пайғамбаримиз сафарда бўлмаган вақтларида ҳуфтон намозида, Шамс, Иншиқоқ ва Лайл каби ўртача узунликдаги сураларни ўқиганлари маълум. Ҳатто бошқа зарурий сабаб бўлмаган тақдирда, хуфтон намозида ўртача узунликдаги сураларни ўқиш суннат эканлиги қабул қилинади. Чунки хуфтон, истироҳат ва уйқу вақтига тўғри келган бир намоздир.
Қуръони Карим ваҳий қилинган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шубҳасиз Қуръонни энг чиройли ўқиган кишидирлар. Қуръонни бугунги ўқиш шаклини саҳобалар Пайғамбаримиздан ўрганишди. Бугунги кундаги қироатларнинг ҳар бири саҳобалардан эшитилиб ўрганилди. Кейинги мусулмон насллар ҳам олдингилардан эшитганларини худди шу шаклда кейингиларга ўргатди.
Пайғамбаримизнинг овозларини чиройли эканлиги ҳақида саҳобалардан келган кўплаб ривоятлар мавжуд. Анас ибн Молик ривоят қилган бир ҳадисда; «Аллоҳ ҳар бир пайғамбарини чиройли овозли ва чиройли юзли қилиб жўнатган. Фақат сизнинг пайғамбарингиз уларнинг юзи энг чиройлиси ҳамда овози энг чиройлисидир» (Забидий)
1021 - وَعَنِ الْبَرَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَرَأَ فِي العِشَاءِ بِـ «التِّينِ وَالزَّيْتُونِ»، فَمَا سَمِعْتُ أَحَداً أَحْسَنَ صَوْتاً مِنْهُ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 769، م 464/177].