1029. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен бу «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сурасини яхши кўраман», деганида, у зот: «Албатта, буни яхши кўришинг сени жаннатга киргизади», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.
Имом Бухорий ҳам саҳиҳларида таълиқ ҳолда ривоят қилдилар.
Шарҳ: Бу суранинг «Ихлос» деб номланганининг сабаби – Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш, фақат Ўзигагина юзланишга, ихлос қилишга ундаганидандир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида:
«Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деганлари бежиз эмас.
Чунки Қуръони Каримнинг асосий мақсади учга бўлинади:
а) Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналиги исботи ва ақийдани тузатиш.
б) Ибрат, ислоҳ ва ўрнак олиш учун келтирилган қиссалар.
в) Шариат ҳукмлари.
Ихлос сураси ушбу нарсаларнинг биринчи қисмини ўз ичига олган.
Баъзи уламоларимиз Ихлос сураси ҳақида қуйидаги умумий мулоҳазани қилганлар:
«Ушбу сураи карима тўрт оятдан иборатдир.
У жуда ҳам мўъжаз ва жуда ҳам мўъжиза бўлиб келгандир.
У Аллоҳ таолонинг жамоли ва камолини очиқлаб келгандир.
У Аллоҳ таоло барча ожизлик ва нуқсон сифатлардан поклаб келгандир.
Унинг биринчи ояти ваҳдониятни исбот қилиб, кўп ададликни рад қилгандир.
«Айт! «У Аллоҳ ягонадир».
Унинг иккинчи ояти Аллоҳнинг камолини исбот қилиб, ожизлик ва нуқсонини рад қилгандир.
«Аллоҳ сомаддир».
Унинг учинчи ояти Аллоҳнинг азаллиги ва боқийлигини исбот қилиб, зурриёти ва наслининг борлигини рад қилгандир.
«У туғмаган ва туғилмаган».
Унинг тўртинчи ояти Аллоҳнинг азаматини ва улуғворлигини исбот қилиб, тенги ва зидди борлигини рад қилгандир.
«Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».
Бас, бу сура жамол ва камол сифатларининг исботидир. У Роббни нуқсонлардан поклашнинг энг олий суратидир.
Шунинг учун уни ҳар доим ва ҳар жойда ўқиб юришга тарғиб қилинган.
Жаброил алайҳиссалом Табукда тушиб: «Эй Расулуллоҳ, Муовия ал-Музаний Мадинада вафот этди. Унга намоз ўқишингиз учун ерни букиб берайми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом икки қаноти билан ерга ва тоғ чўққиларига урган эдилар, ер итоат қилди ва унинг тобути кўрсатилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга намоз ўқидилар. Ортларида фаришталар икки саф бўлиб, ҳар бир сафда етмиш минг фаришта бор эди. Ўқиб бўлиб, «Таржиъни (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) айтдилар. Сўнг: «Бу даражага нима сабабли эришди?» деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни яхши кўргани ва уни келганда ҳам, кетганда ҳам, турганда ҳам, ўтирганда ҳам ва ҳар бир ҳолатда ҳам ўқигани учун», дедилар». (Имом Тобароний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким уч нарсани иймон билан адо этса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради ва хоҳлаган ҳурга уйланади: ким қотилни афв қилса, махфий равишда бировнинг қарзини тўласа ва ҳар фарз намозидан сўнг «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса», дедилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Биттасини қилса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрадилар. У зот: «Биттасини қилса ҳам», дедилар» (Абу Яъло Мусилий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни бир марта ўқигин», дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшниларию қариндошларига ҳам мўл-кўл ёғдирди» (Ҳофиз Абу Мусо Мадиний Саҳл ибн Саъддан ривоят қилган).
«Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ҳар куни эллик марта ўқиса, қиёмат куни: «Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!» дейилади» (Тобароний Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилган).
«Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар унинг қўлидан тутиб, сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтадилар» (Табароний ва Абу Нуъайм Абдуллоҳ ибн Шиххирдан ривоят қилганлар).
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўпланинглар! Мен сизларга Қуръоннинг учдан бирини ўқиб бераман», дедилар. Тўпланганлар тўпланди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқидилар-да, кириб кетдилар. Шунда ҳаммамиз бир-биримизга: «Бу самодан келган хабар бўлса керак, шунинг учун кириб кетдилар», дедик» (Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Айрим уламолар: «Бунинг Қуръоннинг учдан бирига тенглигига сабаб, унда Аллоҳнинг ас-Сомад исми борлиги учун, чунки бошқа сураларда бу исм топилмайди», дейдилар. Шунингдек, «ал-Аҳад» борлиги учун ҳам дейишган.
Баъзилар: «Қуръоннинг ўзи учга бўлингани учун: учдан бири ҳукмлар, учдан бири ваъда ва ваъидлар (қайтариқлар), яна учдан бири исм ва сифатлар. «Қул ҳуваллоҳу аҳад» шу уч бўлакнинг бир бўлаги, яъни исм ва сифатлар бўлагидир. Шу маънода бу сура «Ихлос» деб номланади», дейдилар.
1029 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ إِنِّي أُحِبُّ هَذِهِ السُّورَةَ: قُلْ هُوَ اللهُ أَحَدٌ، قَالَ: «إِنَّ حُبَّهَا أَدْخَلَكَ الجَنَّةَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ.
رَوَاهُ البُخَارِيُّ فِي «صَحِيحِهِ» تَعْلِيقاً [774].