1031-ҳадис

1031. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлардан ва инсонларнинг кўзи тегишидан паноҳ тилаб юрардилар. Ҳатто иккита «қул аъузу» нозил бўлди. Бас ушбу иккиси нозил бўлгач, у иккиси билан паноҳ тилаб, бошқа (паноҳ тиланадиган) нарсаларни тарк қилдилар.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таолонинг каломи ҳамма нарсадан устун туради. Шунинг учун ҳаммамиз ҳам бу икки муборак сурани маъноларини яхши билиб олиб ихлос билан ўқиб юришимиз керак. Ушбу икки сура ҳақида тўлиқроқ маълумотлар бериш, уларнинг тафсирини тақдим қилишга ижозат бергайсиз.

Фалақ сураси маккада нозил бўлиб, беш оятдан иборат.

Ушбу сурага ўзининг биринчи оятидаги «Фалақ» сўзи ном бўлиб қолган. «Фалақ» сўзи луғатда «ёриш» маъносини билдиради. Бу жойда «Фалақ» тонг маъносида келган. Тонг кечани ёриши учун шу ном билан ҳам аталади.

Бу сурада Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга барча ёмонликлар, хавф-хатарлардан фақатгина У зотнинг Ўзидан (Аллоҳдан) паноҳ тилашга ундайди. Аллоҳ уларга Ўз ҳимоясини эълон қилади ва худди «Менинг ҳимоямга марҳамат, тинч-омон жойга марҳамат», дегандек бўлади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1. Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман.

2. У яратган нарсалар ёмонлигидан.

3. Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан.

4. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан.

5. Ва ҳасад қилган, ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт.

Фалақ сурасининг маънолари таржимасини тўлиқ келтириб олганимиздан кейин, энди унинг тафсирига ўтайлик.

«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман».

Фалақ сурасидаги хитоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зот орқали умматларига қаратилган. Аллоҳ таолонинг Ўзи турли-туман ёмонликлардан қандоқ қилиб паноҳ сўрашни ўргатмоқда. 

Мўмин-мусулмон инсон ҳар бир вақт, ҳар бир нарсадан паноҳга муҳтож бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина паноҳ сўрамоғи, Унинг паноҳгоҳига қочмоғи лозим экан.

Оятда тўғридан-тўғри, Роббимдан паноҳ сўрайман ёки Роббимнинг паноҳига қочаман, деб айт, дейилмасдан, Тонг Роббиси паноҳига қочаман, дейишга амр қилинмоқда. Нима учун? Чунки тонг доимо оғирликдан ва шиддатлардан қутулиш рамзи бўлган. Шиддатли ҳолга тушиб, паноҳ сўрашга мажбур бўлган инсон, худди зулматли кечада адашиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган одамга ўхшайди. Унинг нажот кутиши эса, худди тонгни кутишга ўхшайди.

«У яратган нарсалар ёмонлигидан».

Бу оят дунёдаги барча ёмонликлардан паноҳ сўрашни тасвирлайди. Аллоҳ яратган нарсаларнинг фойдалиси ҳам, зарарлиси ҳам бор. Паноҳ тилаш ёмонликлардан бўлади.

Бунга инс, жин, ҳайвонот, ҳашарот ва ҳар бир нарса ёмонлиги киради.

«Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан».

Қоронғи кеча доим даҳшат, хавф-хатар солиб туради. Ўғриликлар, қотилликлар, ёмонликлар, турли ҳайвонот ва ҳашаротлар зарари доим кечаси юзага келади. Шунинг учун Аллоҳ мусулмонларга Ўз паноҳига илтижо қилишга, қалбларини Аллоҳга доим боғлиқ қилишга чорлайди.

«Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан».

Сеҳргарлар бировни сеҳрлаб зарар етказмоқчи бўлса, ип олиб, ўқийдиган нарсасини ўқиб, дам солиб, ипни бир тугиб, яна бир дам солиб, яна тугиб, охирига етказар экан.

«Ва ҳасад қилган, ҳасадчининг ёмонлигидан, деб айт».

Ҳасадда бировга ёмонлик орзу қилинади. Лекин фалончига етган яхшиликка ҳавас қилдим, Аллоҳ менга ҳам шу нарсани берсайди, деса ҳасад эмас.

Аллоҳ таолога осмонда ҳам, ерда ҳам биринчи исён ҳасад туфайли содир бўлган. Иблис Одам Атога ҳасад қилди, унга Аллоҳ берган мартабани кўра олмади. Аллоҳнинг амрига бўйсунмади. Одам Атога сажда қилмади, осий бўлди. Натижада Аллоҳ таоло Иблисни жаннатдан ҳайдади ва қиёматгача унга Ўз лаънатини ёғдиради.

Ердаги исён Қобил Ҳобилга ҳасад қилган туфайли бўлди. Чунки Аллоҳ Ҳобилнинг қурбонлигини қабул, Қобилникини қабул қилмаган эди.

Ҳасад ниҳоятда улкан гуноҳ ва халойиқ бошига тушган улкан мусибат. Ҳасад жамиятнинг ва унинг ҳар бир аъзосининг бошига кулфат солади. Одамлар орасидаги душманчиликлар, келишмовчиликлар ва барча ёмонликлар ҳасад туфайли чиқади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бошқа ёмонликларни жамлаб айтса ҳам, ҳасаддан паноҳ сўрашни Қуръонда алоҳида зикр қиляпти.

Нас сураси маккада нозил бўлиб, олти оятдан иборат.

Қуръони Каримнинг охирги сураси бўлмиш бу сураи каримага ҳам унинг биринчи оятдаги «Нас» сўзи ном бўлиб қолган. «Нас» одамлар дегани.

Бу сураи карима ёмонлик билан яхшилик орасидаги курашни тасвирлайди. Шу билан бир вақтда ёмонликдан узоқда бўлишлик ва ундан ғолиб келишликда Аллоҳ таолодан ёрдам сўрашга ундайди.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

1. Одамлар Роббисидан.

2. Одамлар подшоҳидан.

3. Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман.

4. Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг,

5. Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг,

6. Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт.

Нас сураси ояти карималари маъноси таржималарини тушунарли бўлиши учун бирданига келтириб олганимиздан кейин, энди, Аллоҳ таолодан мадад сўраган ҳолимизда якка-якка тафсир қилишга ўтайлик

«Одамлар Роббисидан»,

Яъни, одамлар Роббисидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳ таолонинг Робб сифати ўзида кўп маънони мужассам қилган: Холиқ, Мураббий ва Мудаббир кабилар. У Зот одамларни йўқдан бор қилиб яратган Холиқ, турли неъматлар ила неъматлантириб ўстирган Мураббий ва доимо ишларни юритиб турувчи Мудаббирдир. Гарчи Аллоҳ таоло барча махлуқотларнинг Роббиси бўлса ҳам, бу ерда одамларни хос зикр қилиниши бандаларни шарафлаш ва икром қилиш учундир. Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни одамлар учун яратгандир. Уларга ақл, илм, китоб ва шариат берган. Уларга фаришталарни сажда қилдирган. Бинобарин, одамлар махлуқотнинг афзалидир.

«Одамлар подшоҳидан»

Яъни, одамларнинг подшоҳидан, эгасидан паноҳ сўрайман.

Аллоҳ таоло ҳамма халойиқнинг Малики — Подшоҳи ва Эгасидир. Аллоҳнинг эгалиги тўлиқ, шомил ва комилдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларнинг ҳаётини тўла бошқариб, Ўз ҳукмини юритиб туради. Демак, паноҳ тилаш фақатгина ўша Зотнинг Ўзидангина бўлиши лозим.

«Одамлар Илоҳидан паноҳ сўрайман».

Яъни, одамларнинг ибодатига сазовор ягона Зотдан паноҳ сўрайман.

Ҳа, барча одамларнинг ибодатига сазовор ягона илоҳ, маъбуд Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бинобарин, одамлар У зотнинг Ўзидангина паноҳ сўрашлари, фақат Унинггина паноҳига қочишлари керак.

Ушбу уч оят ҳақида аллома Исмоил ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар: «Ушбулар Робб жалла жалалуҳунинг сифатларидан уч сифатдир: Робблик, Маликлик ва Илоҳлик. У ҳар бир нарсанинг Робби, Эгаси ва Илоҳидир. Ҳамма нарсалар Унинг махлуқи ва мулкидирлар. Бас, паноҳ тиловчи ушбу сифатлар ила сифатланган Зотдан паноҳ сўрашга амр қилинди».

Энди эса, келаси уч оятда мазкур сифатлар ила мавсуф Аллоҳнинг паноҳига ниманинг ёмонлигидан қочиш кераклиги баён қилинади.

«Беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг»

Ушбу оятда зикр қилинган «беркиниб, кўриб турувчи»дан мурод шайтондир. Чунки, у инсон Роббисини зикр қилиб турганда қочиб, беркиниб олади. Шунингдек, банда ўз Роббисини унутса, шайтон дарҳол кўринади ва уни васваса қилишни бошлайди.

Ҳофиз Мусилий ривоят қилган ҳадисда: «Албатта шайтон бурнини одам боласи қалбига қўювчидир. Қачон у Роббисини зикр қилса шайтон беркинади. Қачон у Роббисини унутса, қалбини ром этиб, васваса қила бошлайди», дейилган.

«Одамлар қалбларига васваса соладиганнинг»

Шайтоннинг васвасаси инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргаштириш, Аллоҳга осий бўлишни зийнатлаб кўрсатади.

«Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан, деб айт».

Ушбу оят шайтон ҳам одамлардан, ҳам жинлардан бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб Аллоҳга илтижо қилиб турмоғи лозим.

Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли.

Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:

«Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси» суралари ўқиб, дам солиб баданларига суртиб ётардилар».

Фалақ ва Нас суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб «Муъаввизатайни» — «икки паноҳ тиловчи» деб номланади. Чунки икковлари ҳам «аъузу»–«паноҳ тилайман» сўзи ила бошланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки муъаввизатайни биргаликда зикр қилинган.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, муъаввизатайнни ўқиб дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», деганлар.

Имом Муслим ва Имом Термизийлар Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: 

«Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аъузи бироббил фалақи», «Қул аъузу бироббиннаси», дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сафарда етаклаб борардим. У зот: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннаси»ни ўргатдилар».

Имом Абу Довуд ва Имом Насаийлар яна Уқбат ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жуҳфа ва Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъаввизатайни ила паноҳ сўрай бошладилар ва, эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи иккисичалик нарса ила паноҳ тиламаган, дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».

1031 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَتَعَوَّذُ مِنَ الجَانِّ، وَعَيْنِ الإِنْسَانِ، حَتَّى نَزَلَتِ الْمُعَوَّذَتَانِ، فَلَمَّا نَزَلَتَا، أَخَذَ بِهِمَا وَتَرَكَ مَا سِوَاهُمَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ حَدِيثٌ حَسَنٌ [2058].


Улашиш
|
|
Нусха олиш