841. Абу Абдуллоҳ Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бирор киши жума куни ғусл қилса, имкон қадар тозаланса, (соч-соқолини) мой билан мойласа ёки уйидаги хушбўй нарсадан суриб, сўнг (масжидга) чиқса ва икки кишининг ўртасидан оралаб ўтмаса, сўнгра насиб қилинганича намоз ўқиса, кейин имом сўзлаганда жим қулоқ солса, унинг бу (жума) билан нариги жума орасидагилари (гуноҳлари) албатта мағфират қилинади», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Очиқ-ойдин кўриниб турибдики, жума намози ҳар бир мўмин-мусулмон банда учун ҳар ҳафтада бир марта бериладиган қулай фурсат. Бу фурсатдан фойдалана олиш керак. Бу ҳафталик қулай фурсатни баъзи ривоятларда Аллоҳ мусулмонларга байрам қилиб қўйган кун дейилган. Ана ўша кунда мусулмон кишига одатдаги кунлардан кўра кўпроқ савоб ишлаб олиш имкони берилган.
Қолаверса, таҳорат ва беш вақт намоз каби ибодатлар билан ҳам ювилмай қолган ҳафталик кичик гуноҳлар ювиб юборилади.
Ана шу бахтга муяссар бўлиш учун қуйидаги ишларни қилиш керак:
1. «Ғусл қилиш».
Бу ҳақда олдин батафсил айтдик.
2. «Иложи борича покланиш».
Бунга қовуқ ва қўлтиқ остидаги тукларни тозалаш, тирноқларни олиб юриш ва мўйлабни текислаш каби ишлар киради. Жума куни шу ишларни қилиш зарур.
3. «Мой суртиш».
Бунда сочни мойлаш кўзда тутилади. Айниқса, иссиқ ўлкаларда сочни яхшилаб тараб, унга хушбўй мой суртиш одат бўлган.
4. «Хушбўй нарсалар суртиш».
Атир, мушк каби нохуш ҳидларни кетказадиган хушбўй нарсаларни сепиб жумага борилса, жамоатда ажойиб бир яхши ҳид пайдо бўлишига ҳисса қўшилади.
5. Жумага кетаётиб энг яхши кийимларни ки-йиб олиш. Чунки жума ҳафталик байрам, мусулмонларнинг тўпланиш куни. Дўст-душманнинг олдида мусулмонлар ўзини кўрсатадиган кун. Бу кунда ярашадиган чиройли кийимлар билан кўриниш яхши.
6. Масжидга борганда ўзидан олдин келиб ўтирганларни ёриб олдинга ўтмаслик. Балки бўш жойни топиб, ҳеч кимга халақит бермай ўтириш жуда ҳам матлубдир.
7. Жумага борган одам имом хутба қилмаётган бўлса, дарҳол намоз ўқиб олиши керак.
8. Имом хутбага чиқса, жим туриб қулоқ солиш лозим.
Ким шу ишларни қилса ўтган жумадан буён қилган кичик гуноҳлари мағфират қилинади.
841 - وَعَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ سَلْمَانَ الفَارِسِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَغْتَسِلُ رَجُلٌ يَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَيَتَطَهَّرُ مَا اسْتَطاعَ مِنْ طُهْرٍ، وَيَدَّهِنُ مِنْ دُهْنِهِ، أَوْ يَمسُّ مِنْ طِيبِ بَيْتِهِ، ثُمَّ يَخْرُجُ فَلَا يُفَرِّقُ بَيْنَ اثْنَينِ، ثُمَّ يُصَلِّي مَا كُتِبَ لَهُ، ثُمَّ يُنْصِتُ إِذَا تَكَلَّمَ الإمَامُ إلَّا غُفِرَ لَهُ مَا بَيْنَهُ وَبَيْنَ الْجُمُعَةِ الأُخْرَى». رَوَاهُ البُخَارِيُّ [883].