Бу икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйида айтган сўзларига гувоҳ бўлишди:
«Кимки «Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу Акбар» (яъни Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Аллоҳ улуғ), деса, уни Рабби тасдиқлаб: «Мендан бошқа илоҳ йўқ. Мен улуғдирман», дейди. Агар банда: «Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу» (яъни якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, унинг шериги ҳам йўқ, - деса, Раббби: «Якка мендан бошқа илоҳ йўқ, менинг шеригим ҳам йўқ», дейди. Агар банда: «Лаа илаҳа иллаллоҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду» (яъни Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, мулк ва мақтов унинг учундир), - деса, Рабби: «Мендан бошқа илоҳ йўқ. Мулк ва мақтов мен учун», дейди. Агар банда: «Лаа илаҳа иллаллоҳу валаа ҳавла валаа қуввата илла биллаҳ» (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Аллоҳдан бошқа ўзгартирувчи ҳам, қувват ҳам йўқ), - деса, Рабб: «Мендан бошқа илоҳ йўқ. Ва мендан бошқа ўзгартирувчи ҳам, қувват ҳам йўқдир», дейди. Энди кимки мана шуларни касаллигида айтиб, кейин вафот этса, дўзах уни емайди», дедилар.
Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис дедилар.
Шарҳ: Бирор касалликка йўлиққан киши ундан халос бўлиши учун дарров мутахассис-табиб ва шифокорларга мурожаат қилиши, уларнинг тавсияларига амал қилиб, айни пайтда дуо ҳам қилиши лозим. Бу дуоларни беморнинг ўзи ўқиши ёки биров унга ўқиши мумкин. Таҳоратли ҳолда, аввало, Фотиҳа сураси, сўнгра Қуръони каримдан шифо оятлари ўқилади.
«Ва яшфи судуро қовмин му‘минийна ва юзҳиб ғойзо қулубиҳим».
Маъноси: «…ҳамда мўминлар қавми сийналарига шифо беради ва дилларидаги аламни кетказади» (Тавба сураси, 14–15-оятлар).
«Йа айюҳан-насу қод жааткум мавъизотун мин Роббикум ва шифаун лима фиссудури ва ҳудан ва роҳматан лил-му‘ минийн».
Маъноси: «Эй одамлар! Сизларга Раббингиздан ваъз (насиҳат), диллардаги нарса (ширк ва бошқа иллатлар)га шифо ва мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).
«Ва нуназзилу минал Қур‘ани ма ҳува шифа‘ун ва роҳматун лил-му‘минийн».
Маъноси: «(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз» (Исро сураси, 82-оят).
«Қул ҳува лил-лазийна аману ҳудан ва шифаун».
Маъноси: «Айтинг: “(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир”» (Фуссилат сураси, 44-оят).
Бу оятлар ўқилгач, юқоридаги ҳадисларда келган дуоларни ўқиб, дам солинади.
Қуръон жамики қалб ва аъзои-бадан касалликларига, дунё ва охират касалликларига шифодир. Лекин ҳар қандай киши ҳам Қуръон билан даволанишга муваффақ бўлавермайди. Касал одам Қуръон билан тўғри даволаниши учун қалбида сидқ, иймон, қатъий эътиқод бўлиши керак. Шунда бирорта касаллик унга қарши тура олмайди. Ахир қандай қилиб касаллик еру-осмонларнинг Парвардигори каломига қарши тура олсин. Агар бу калом тоғларга тушса, уларни парчалаб ташлайди. Ерга тушса уни ёриб ташлайди. Ҳар бир қалб ва аъзои бадан касалликларининг келиб чиқиш сабаблари, уларни даволаш, ҳамда улардан сақланиш йўллари Қуръонда баён қилинган. Фақат Қуръон тўғри тушинилса бас. Аллоҳ Қуръонда қалб ва аъзои-бадан касалликларини ва уларнинг даволаш усулларини зикр қилган.
Қалб касаллиги икки хилдир.
1. Шак-шубҳа касаллиги.
2. Шаҳват ва залолат касаллиги.
Аллоҳ таоло Ўз китобида қалб касаллиги, унинг сабаблари ва давоси ҳақида муфассал баён қилган.
Ахир уларга тиловат қилинаётган шу Китобни Биз сизга нозил қилганимиз улар учун етарли эмасми?! Албатта бу (Китоб)да иймон келтирадиган қавм учун раҳмат ва эслатма бордир. (Анкабут-51).
Имом Ибн Қаййим шундай дейди: “Қуръон шифо бермаган кишига Аллоҳ шифо бермабди, Қуръон кифоя қилмаган кишига Аллоҳ кифоя қилмабди”.
Аъзои бадан касаллигини даволаш усул ва қоидаларига Қуръон ишора қилган. Қуръон бу қоидаларни уч қисмга тақсимлайди.
1. Соғлиқни сақлаш.
2. Зарарли нарсалардан сақланиш.
3. Зарарли, ортиқча моддалардан фориғ бўлиш.
Ким Қуръон билан тўғри даволанса ўзининг жуда тез шифо топишини кўради.
Имом Ибн Қаййим шундай дейдилар: Маккада турган вақтимда касал бўлиб қолдим. На табиб, на дори топа олдим. Шунда Фотиҳа сурасини ўқиб, ўзимни ўзим даволай бошладим ва тезда бунинг таъсирини кўрдим. Замзам сувига Фотиҳа сурасини ўқиб, дам солиб ичар эдим. Оз муддат ичида касалдан тўлиқ шифо топдим. Ҳар хил касалликни даволашда шу услубни қўллаб кўрдим. Натижа эса ажабтовур эди. Бу услубни бошқа беморларга ҳам ўргатдим. Кўпчилиги касалдан тузалганини кўрдим.
Саҳиҳ ҳадисларда келган дуолар билан дам солиб даволаш ҳам фойдали даволардан ҳисобланади. Айниқса, ихлос билан ўқилган дуо, зарарни даф қилишда, фойдани ҳосил қилишда энг яхши доридир. Чунки дуо бало ва офатнинг душманидир. Уни қайтаради, муолажа қилади, олдини олади ёки ҳеч бўлмаганда зарарини енгиллатади.
Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: «Дуо тушган ва ҳали тушмаган (бало ва офатларни) қайтаради. Эй Аллоҳнинг бандалари! Доимо дуода бўлинглар». (Имом Термизий, Ҳоким ва Аҳмад ривояти).
Яна бир ҳадисда шундай деганлар: «(Ёмон) Қазои-қадарни дуо қайтаради. Яхшилик умрни зиёда қилади». (Имом Ҳоким ва Термизий ривояти).
Шу ўринда муҳим бир жиҳатга эътибор бериш керак. Беморга оят, зикр ва дуолар билан дам солинса фойдали ва шифобахш бўлади. Лекин дуо қувватли ва таъсирли бўлиши учун дам солувчи ихлос билан дам солиши керак. Агар касалнинг шифо топиши кечикса, дуохоннинг таъсири озлигидан ёки дуонинг қабул бўлмаганидан, ёҳуд давога тўсиқ бўлаётган биронта монеъдан деб билиш керак. Чунки дам солиш орқали даволаш икки киши, яъни –
1) касал одам томонидан
2) муолажа қилувчи томонидан амалга ошади.
Бемордан руҳан кучли бўлиш, бутун вужуди билан Аллоҳга юзланиш, Қуръон мўминлар учун шифо ва раҳмат эканига, тил ва қалбдан дуо баробар чиқсагина фойда бериши мумкинлигига ишониш талаб қилинади. Бу ҳам жангнинг бир тури. Жангчи душмани устидан ғалаба қозониш учун икки нарсага эга бўлиши керак:
1. Қуроли ўткир бўлсин.
2. Билагида қуввати бўлсин.
Агар булардан бирортаси бўлмаса жангчига ғалаба насиб қилмайди. Қалб тавҳиддан, Аллоҳга таваккал қилишдан, тақво ва сидқдан ҳоли бўлса, бунинг устига қуроли ҳам бўлмаса, у қандай жангчи бўлиши мумкин. Муолажа қилувчи ҳам юқоридаги икки сифатга эга бўлиши керак. Шунинг учун Ибн Тийн айтадиларки: «Дуо ва Аллоҳнинг исмлари билан дам солиш илоҳий даводир. Агар солиҳ киши тарафидан ўқилса, Аллоҳнинг изни билан шифо топилур.
Уламолар учта шарт билан дам солиб даволанишга рухсат беришган:
1. Аллоҳнинг каломи ёки Аллоҳнинг исм ва сифатлари ёки Расулуллоҳ с.а.в.нинг сўзлари билан дам солинсин.
2. Араб тилида ёки маъноси тушунарли бўлган сўзлар билан дам солинсин.
3. Ўқилган дуолар ўзича фойда бермайди, балки Аллоҳнинг изни билан таъсир қилади. Дуолар эса фақатгина бир сабаб холос деб эътиқод қилинсин.
922 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ وَأَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُمَا شَهِدَا عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: «مَنْ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَاللهُ أَكْبَرُ صَدَّقَهُ رَبُّهُ فَقَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا وَأَنا أَكْبَرُ، وَإِذَا قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ قَالَ: يَقُولُ: لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا وَحْدِي لَا شَرِيكَ لِي، وَإِذَا قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الحَمْدُ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا ليَ الْمُلْكُ وَلِيَ الحَمْدُ، وَإِذَا قَالَ: لَا إلَهَ إِلَّا اللهُ، وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا أَنَا وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِي» وَكَانَ يَقُولُ: «مَنْ قَالَهَا فِي مَرَضِهِ ثُمَّ مَاتَ لَمْ تَطْعَمْهُ النَّارُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [3430].