927-ҳадис

927. Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот иситмалаётган эканлар. Мен у зотга қўлимни теккизиб кўриб, «Сиз жуда қаттиқ иситмалар экансиз-а?» дедим. У зот: «Ҳа, шундай. Мен сизлардан икки киши иситмалагандай (иситмалайман)», дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадиснинг давомида қуйидаги қўшимча бор.

«Бу сизга икки баробар ажр борлиги учунми?» дедим. «Ҳа, шундай», дедилар. Сўнгра: «Бирор мусулмонга касаллик ёки бошқа нарса сабабли азият етса, Аллоҳ шу сабабдан унинг гуноҳларини худди дарахт ўз баргларини тўкканидек тўкиб юборади», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беморликни қандоқ бошларидан ўтказишлари ўз кўзлари билан кўрган саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилинмоқда. Худди шу ҳадиси шарифга ишора қилиб илмли кишилар бемор бўлиб қолсалар, гуноҳларимиз кўпайиб қолгандир, ажаб эмас, шу хасталик ила ювилиб кетса, дейдилар. Ҳа, беморликни ҳам Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига гуноҳларни ювиш учун қулай фурсат қилиб берган. Фақатгина улар бу қулай фурсатдан тўғри фойдалана билишлари керак. Бунинг учун эса, бемор бўлганларида сабр қилиб, беморлик одобларини ўрнига қўймоқлари лозим. Бу ишда уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнакдирлар. Бошқаларга нисбатан беморликни икки ҳисса оғир кечирсалар ҳам сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор ҳолда беморликни кечирганлар.

927 - عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلْتُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يُوعَكُ، فَمَسِسْتُهُ، فَقُلْتُ: إِنَّكَ لَتُوعَكُ وَعْكاً شَدِيداً، فَقَالَ: «أَجَلْ، إِنِّي أُوْعَكُ كَمَا يُوعَكُ رَجُلاَنِ مِنْكُمْ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ.


Улашиш
|
|
Нусха олиш