928-ҳадис

928. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Касалим зўрайиб турган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани меникига келдилар. Шунда мен: «Кўриб турганингиздек аҳволга тушиб қолдим. Мен бой одамман. Биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ...», , деб ҳадисни қолганини зикр қилдилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Саъд ибн Абу Ваққос Макка фатҳи чоғида оғир хаста бўлиб қолдилар ва ушбу ривоятда зикр қилинган гаплар бўлиб ўтди.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Молимнинг учдан иккисини-чи?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Ярмини-чи?» дедим.

«Йўқ», дедилар.

«Учдан бирини-чи?» дедим.

«Учдан бир. У ҳам кўп. Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг, уларни одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар қандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳатто, аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» дедим.

«Сен мендан кейин ажраб қолиб, Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб, солиҳ амал қилсанг, албатта, мартабанг ва даражанг зиёда бўлур. Шоядки, сенинг ажраб қолишингдан бир қавмлар манфаат бўлсалар ва бошқалари зарар тортсалар. Аллоҳим, асҳобимнинг ҳижратларини олдингга ўтказгин ва уларни ортларига қайтармагин!» дедилар». 

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда олинадиган ибратлар, хусусан, Саъд ибн Абу Ваққоснинг фазллари ҳақида маълумотлар жуда кўп.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳурматлари юқори эканлиги. 

Бу ҳодиса Маккада фатҳ кунлари бўлган. Ана шундоқ серташвиш кунда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақт топиб, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни кўргани келишлари улкан ҳурмат-эътиборга далолат қилади. 

Ҳадиснинг давомидаги муомалаларидан ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуни жуда ҳурмат қилишлари кўриниб турибди.

Бемор бўлиб ётган одам молини васият қилиш ҳақида қайғурмоғи, билмаса биладиган кишидан сўрамоғи лозимлиги чиқади. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айнан шундоқ қилдилар. 

Вафот этаётган киши молининг ҳаммаси, учдан иккиси ёки ярмини хайрли ишга васият қилиши жоиз эмаслиги.

Вафот этаётган киши молининг учдан бирини хайр-эҳсон ишига васият қилса, жоизлиги. 

Агар ундан озроқ бўлса, яна ҳам яхшилиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга учдан бирига рухсат бериб, кейин, учдан бири кўп, деб қўйишлари шуни кўрсатади.

Васият этаётган кишининг васияти учдан бирдан кўпга ўтмаслигини аввал ўрганганмиз. Ўша ҳукмни жорий қилинишига ушбу ҳадиси шариф далилдир. 

Мусулмон киши фарзандларига орқасидан молиявий таъминот қолдириб кетишга ҳаракат қилмоғи яхши эканлиги.

Мўмин-мусулмон киши ҳалол йўлда қилган ҳар бир нафақаси учун ажру савоб олиши аниқ эканлиги.

Аҳли аёлга қилинган сарф-харажатдан ҳам ажру савоб олиш турган гап эканлиги. Эр аёлининг оғзига тутган биргина луқма учун ҳам савоб олади. Бу эса, аҳли аёлнинг ризқ-рўзини яхшилаш учун ҳаракат қилмоқни тақозо қилади. Демак, баъзи кишиларнинг аҳли аёлдан қисиб, хўжакўрсинга нафақа қилишлари тўғри эмас.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг «Эй Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» деганлари, беморлигим туфайли Мадинага қайтиб кета олмай Маккада қолиб кетсам, қилган ҳижратимдан ажраб қолган бўламанми, деганларидир.

Беморни кўргани келган одам унинг кўнглини кўтарадиган гап қилмоғи лозимлиги.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга айнан шундоқ муомала қилдилар.

Вақтида ҳижрат қилган одам, беморлиги ёки бошқа ўз иродасидан ташқари сабаб туфайли ҳижрат жойига қайтиб боролмай қолса, ҳижрат савоби камаймаслиги.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башоратлар берганликлари:

Ажраб қолиб ҳам қилган ҳар бир солиҳ амаллари туфайли мартабалари ва даражалари баланд бўлавериши. Шунинг учун ҳам у киши жаннатнинг башорати берилган ўн кишининг бири бўлган бўлсалар, ажаб эмас.

У кишининг қолишларидан баъзи қавмлар– мўминлар манфаат топиши ва бошқалар–кофирлар зарар тортиши. Ҳақиқатда шундоқ бўлган.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу кейин ҳам мўминларга фойда, кофирларга зарар етказадиган ишларни кўп қилганлар. Мазкур беморликларидан тузалиб кетиб, улкан ишларни кўп қилиш шарафига муяссар бўлганлар.

Келгуси ривоят эса олдингисини тўлдириб келади.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Маккада бемор бўлиб қолдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Бас, у зот қўлларини пешонамга қўйдилар, сўнгра қўллари ила юзимни ва қорнимни силадилар. Кейин эса:

«Аллоҳим! Саъдга шифо бергин. Унинг ҳижратини батамом қилгин», дедилар. Ҳозиргача унинг жигаримдаги совуғини хаёлимда сезиб тураман».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бу ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққоснинг пешоналари, юз ва қоринларини силашлари ўта меҳрибонлик ва хайр-бараканинг аломатидир. Бу эса, Саъд ибн Абу Ваққос учун катта фазлдир.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Маккаи Мукаррамага борган пайтларида бемор бўлиб қолганларида бу ердан ҳижрат қилиб кетган эдим, энди шу ерда ўлиб қолсам ҳижратим нима бўлади, деган хаёлга борганларини аввалги ривоятдан билдик. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ҳақларига дуо қилганларида:

«Аллоҳим! Саъдга шифо бергин. Унинг ҳижратини батамом қилгин», дедилар».

Яъни, яна ўзи ҳижрат қилган жой Мадинаи Мунавварага қайтиб бориб, ҳижратини охирига етказишини насиб қилгин, деганлари. Аллоҳ Ўз Пайғамбарининг дуосини қабул қилди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу тузалиб кетдилар. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз тоғалари ва улкан саҳобалари Саъд ибн Абу Ваққосга жуда ҳам меҳрибон эканликлари, у кишини ўта эҳтиром қилишлари тубандаги ривоятдан ҳам билинади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Бемор бўлдим. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. У зот қўлларини икки эмчагим орасига қўйдилар. Унинг совуғини қалбимда ҳис этдим. Сўнгра у зот:

«Сен юраги хаста одам экансан. Сақифлик Ҳорис ибн Калданинг олдига бор. У табиблик қиладиган одам. Бас, у Мадинанинг ажвасидан етти дона хурмо олиб, данаги билан туйсин. Сўнгра сенга ичирсин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғаларига қанчалик меҳрибонликлари у зотнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу беморликларини кўргани келганлари, меҳр билан қўлларини у кишининг сийналарига қўйганларидан яққол билиниб турибди. Дори ичиш ва табибга бориш ҳақидаги маслаҳатлар ҳам буни таъкидлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бунчалик эҳтимом қозониш ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермайди.

928 - وَعَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَعُودُنِي مِنْ وَجَعٍ اشَتَدَّ بِي، فَقُلْتُ: بَلَغَ بِي مَا تَرَى، وَأَنَا ذُو مَالٍ، وَلَا يَرِثُني إِلَّا ابْنَتِي... وَذَكَرَ الحَدِيثَ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 5668، م 1628 وسبق برقم 11].


Улашиш
|
|
Нусха олиш