929. Қосим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади. Оиша розияллоҳу анҳо: «Вой бошим», дегандилар, (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога ёқтирмайдиган бир сўз айтдилар. Оиша розияллоҳу анҳо эса бу айтган сўзларига эътироз билдирганларидан кейин) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ««Йўқ, «Вой бошим», (дейдиган) мен», деб, ҳадиснинг қолганини зикр қилдилар.
Имом Бухорий ривояти.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича бўлган:
«Қосим ибн Муҳаммад айтади:
«(Бир куни) Оиша розияллоҳу анҳо: «Вой бошим!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бу (яъни ўлиминг) тириклигимда бўлса, сен учун мағфират сўрайман, ҳаққингга дуо қиламан», дедилар. Оиша: «Во ҳасрато! Аллоҳга қасам, менинг ўлимимни истаяпсизми дейман?! Агар шундай бўлса, ўша куниёқ завжаларингиздан бири билан бирга бўласиз», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Йўқ, «Вой бошим», (дейдиган) мен. Одамлар гапирмасин ёки орзумандалар орзу қилиб юрмасин деб, Абу Бакр ва унинг ўғлига одам юбориб, (халифаликка уни) тайинлаб қўяймикан ҳам дедим [ёки ирода қилдим], лекин Аллоҳ (ундан бошқанинг халифа бўлишига) рози бўлмайди, мўминлар ҳам (бундан бошқани) рад қилади [ёки Аллоҳ (ундан бошқанинг халифа бўлишини) рад қилади, мўминлар ҳам (бошқага) рози бўлишмайди], дедим». (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаларига эътиборли бўлганлари, уларнинг кўнглига қараганлари кўриниб турибди. Оиша розияллоҳу анҳонинг «Вой бошим!» деган гапига ҳазил ёки танбеҳ маъносида «Агар шундай бўлса, сен учун мағфират сўрайман, ҳаққингга дуо қиламан. Шундай экан, нега ғам чекасан?» дейдилар. Бироқ Оиша розияллоҳу анҳонинг бу гапдан ранжиганини кўриб, эркалаган маънода «Сен учун мен оҳ тортай» ёки «Сен эмас, мен олдин вафот қиламан» деб, унинг кўнглини кўтарганлар. Кейинги гапда «Абу Бакрни ўзим халифа этиб тайинлаб қўяй, дедиму, Аллоҳнинг Ўзи ҳам шуни ирода қилишини, мўминлар ҳам уни танлашини ўйлаб, ишни уларга ҳавола қилиб қолдирдим», демоқчи бўлганлар.
929 - وَعَنِ القَاسِمِ بْنِ مُحَمَّدٍ قَالَ: قَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: وَارَأْسَاهُ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «بَلْ أَنَا وَارَأْسَاهُ»، وَذَكَرَ الحَدِيثَ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ [5666].