933-ҳадис

933. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бемор ёки ўлим тўшагида ётган кишининг ҳузурида бўлсангиз, яхшиликни гапиринглар, чунки фаришталар гапираётган нарсаларингизга «омийн» деб туришади», дедилар.

Абу Салама вафот қилганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, «Эй Аллоҳнинг Расули! Абу Салама вафот топди», дедим. У зот: «Аллоҳим! Мени ҳам, уни ҳам мағфират қилгин ва унинг кетидан яхши издош бер», деб айтгин», дедилар. Мен шуни айтиб юрдим, сўнгра Аллоҳ менга ундан кўра яхшироқ зотни – Муҳаммад алайҳиссаломни насиб этди».

Имом Муслим ривояти.

Имом Муслим ривоятида: «Бемор ёки ўлим тўшагида ётган киши», деб шак ҳолда келтирилган. Абу Довуд ва бошқалар ривоятида «Маййит киши», деб шаксиз келтирилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиш билан буюк исломий одобга амал қилинган бўлади. Бемор ва муҳтазар киши энг кўнгли синиқ инсон бўлади. Шунинг учун унинг олдида фақат яхши, умидлантирувчи гапларни гапириш керак. Шунда уларнинг кўнгиллари кўтарилади. Энг муҳими, ҳар бир гапга фаришта омин, деб туради. Мўмин кишининг гапи фариштанинг оминига тўғри келса, қабул бўлади. Ана шунда беморларнинг шифо топишига, муҳтазарнинг оқибати яхши бўлишига умидворлик туғилади. Шунинг учун ҳам бемор ва муҳтазар кишилар ҳузурида ҳозир бўлган одамлар доимо яхши сўзларни гапиришлари лозим.

Ҳадиси шарифнинг иккинчи ярмида мусулмон киши ўлгандан кейин унинг яқинлари қандоқ дуо қилишлари ҳақида таълим берилмоқда. 

Буюк саҳобий, ҳабашистонга оиласи билан ҳижрат қилган фидоийлардан бири Абу Салама розияллоҳу анҳу вафот этганларида у кишининг хотинлари Умму Салама Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эрларининг вафот этганлари ҳақида хабар берган эканлар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Саламага бундоқ пайтда ўқилиши лозим бўлган дуони ўргатиб: 

«Аллоҳим! Мени ҳам, уни ҳам мағфират қилгин ва унинг кетидан яхши издош бер», деб айтишни буюрган эканлар. ҳақиқатда ҳам мусулмон инсон тирик бўлсин, ўлик бўлсин, Аллоҳнинг мағфиратига муҳтож. Тириклар ўзларига мағфират сўраш имконига эгалар. Аммо ўликлар-чи? Ўликларга уларнинг яқин кишилари сўрайдилар. Шу билан бирга, яқин кишисидан ажраб, қайғу-ҳасратга тушган одам йўқотгани ўрнига Аллоҳдан ундан кўра яхшироғини сўраши, аввало, қайғу-аламни енгиллаштиради, энг асосийси эса, дуоси қабул бўлиб қолса, мақсадга эришади. Чунки одатда мусибат чекиб турган одам чин дилдан дуо қилади. Бундай дуони эса, Аллоҳ таоло тўсиқсиз қабул қилади.

Умму Салама розияллоҳу анҳонинг мисолида ҳам шундоқ бўлди. Аллоҳ таоло у кишининг дуосини қабул этди. У кишига Абу Саламадан яхши ўринбосар берди. У кишига Абу Салама ўрнига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эр бўлдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо мўминларга она бўлиш бахтига эришдилар.

Демак, яқин кишиси ўлган мусулмонлар ушбу дуони ўқиб туришлари керак.

933 - عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا حَضَرْتُمُ الْمَرِيضَ - أَوِ الْمَيِّتَ - فَقُولُوا خَيْراً؛ فَإِنَّ الْمَلَائِكَةَ يُؤَمِّنُونَ عَلَى مَا تَقُولُونَ» قَالَتْ: فَلَمَّا مَاتَ أَبُو سَلَمَةَ أَتَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّ أَبَا سَلَمَةَ قَدْ مَاتَ، قَالَ: «قُولِي: اللَّهُمَّ؛ اغْفِرْ لِي وَلَهُ، وَأَعْقِبْنِي مِنْهُ عُقْبَى حَسَنَةً» فَقُلْتُ: فَأَعْقَبَنِي اللهُ مَنْ هُوَ خَيْرٌ لِي مِنْهُ: مُحَمَّدًا صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ هَكَذَا: «إِذَا حَضَرْتُمُ الْمَرِيضَ أَو الْمَيِّتَ» على الشَّكِّ، وَرَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَغَيْرُهُ: «الْمَيِّتَ» بِلَا شَكٍّ [م 919، د 3115، حب 3005، هق 3/384].


Улашиш
|
|
Нусха олиш