934. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор бандага мусибат етса, «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун. Аллоҳуммаъжурнии фии мусиибатии ва ахлиф лии хойрон минҳаа» (Биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтувчимиз. Эй Раббим, мусибатимда ажр қил ва менга ундан яхшироғини бер) деса, Аллоҳ мусибатида унга ажр беради ва бунинг ўрнига ундан яхшисини насиб қилади», дедилар.
Абу Салама вафот этганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган нарсаларни айтиб юрдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан афзалини – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни насиб қилди».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда истиржоъга «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун»ни айтишга тегишли қисми таъкидланиб келмоқда. Ҳа, мўмин-мусулмон ўзига мусибат етганда ҳам ёки баъзи ҳадиси шарифларда айтилганидек, оёқ кийимининг ипи узилганида ҳам истиржоъ айтмоғи лозим. Ундан сўнг эса ушбу ривоятда келаётган дуони ўқиши керак:
«Аллоҳумма ажирни фи мусийбати вахлуф ли хойром-минҳа» (Эй Аллоҳим, менга мусибатимда ажр ва унинг ўрнига яхшироғини бергин).
Бунда етган мусибатга сабр қилиш, Аллоҳнинг иродасига таслим бўлиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан энг оғир пайтларда ҳам ноумид бўлмаслик сифатлари мужассам бўлган.
Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа ривоятларида Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар:
«Абу Салама вафот этганида, истиржоъ айтдим ва ҳалиги дуони ўқидим. Сўнгра ўзимча, менга Абу Саламадан яхшироқ эр қайда, дедим. Иддам чиққандан сўнг Расулуллоҳ келиб киришга изн сўрадилар. Тери ошлаб ўтирган эдим, қўлимни ювиб, киришларига изн бердим. У зотга ичига хурмонинг юмшоқ қобиғи тўлатилган тери ёстиқ бердим. Ўтирганларидан сўнг, менга уйланмоқчи эканликларини айтдилар. У зот гапларини тугатгач, мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизга рағбат қилмаслигим мумкин эмас, лекин мен жуда рашкчи аёлман, сизга ёқмайдиган нарса мендан содир бўлиб, Аллоҳнинг азобига дучор бўлмай, деб қўрқаман. Сўнгра ёшим катта бўлиб қолди, бунинг устига, болаларим бор», дедим. Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Сен айтган рашкни Аллоҳ тезда кетказади. Ёш тўғрида гапирсанг, менинг ҳам ёшим бир ерга бориб қолди. Болаларинг бўлса, улар менинг ҳам болаларим», дедилар. Аллоҳ менга Абу Саламанинг ўрнига ундан яхши зотни — Расулуллоҳни берди».
Умму Салама онамиз, бир эр бўлса Абу Саламачалик бўлар, мен бу дуони ўқисам ундан яхшироқ эр насиб қилармиди, деб дуони ўқимай қўйишлари ҳам мумкин эди. Лекин ўша хаёл ўтган бўлса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларига амал қилиш иштиёқигина у дуони ўқишга ундади ва ўзлари кутмаган томондан Аллоҳ таоло у кишига дунёдаги энг афзал эрни ато этди. Шунинг учун динимиз амрларини суриштирмай амалга оширишга ҳаракат қилиш керак. Фақат шунда тўлиқ саодатга эришилади.
934 – وَعَنْهَا رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَا مِنْ عَبْدٍ تُصِيبُهُ مُصِيبَةٌ، فَيَقُولُ: إِنَّا للهِ وَإِنَّا إِلَيهِ رَاجِعُونَ، اللَّهُمَّ؛ أَجِرْنِي فِي مُصِيبَتِي، وَاخْلُفْ لِي خَيْراً مِنْهَا، إِلَّا آجَرَهُ اللهُ تَعَالَى فِي مُصِيبَتِهِ، وَأَخْلَفَ لَهُ خَيْراً مِنْهَا» قَالَتْ: فَلَمَّا تُوُفِّيَ أَبُو سَلَمَةَ قُلْتُ كَمَا أَمَرَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَأَخْلَفَ اللهُ تَعَالَى لِي خَيْراً مِنْهُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [918/4].