935-ҳадис

935. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бир банданинг боласи ўлса, Аллоҳ фаришталарига: 

«Бандамнинг боласини қабз қилдингизми?» дейди.

«Ҳа», дейдилар.

«Унинг дил мевасини қабз қилдингизми?» дейди.

«Ҳа», дейдилар.

«Бандам нима деди?» дейди.

«Сенга ҳамд ва истиржо (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиҳун) айтди», дейдилар. 

Шунда Аллоҳ: 

«Бандамга жаннатда бир уй бино қилинглар ва уни ҳамд уйи, деб номланглар», дейди».

Имом Термизий ривояти.

Шарҳ: Фарзанднинг ўлими ота-она учун чексиз мусибат экани ҳеч кимга сир эмас. Чунки фарзанд ота-онанинг бир бўлаги, юрагининг парчаси, жигаргўшаси, кўз қувончи бўлади. 

Шунинг учун ҳам фарзанди ўлимига сабр қилган ота-оналарга катта ва улуғ мартабалар ваъда қилинган. 

Булардан баъзи намуналарни юқорида келган ҳадиси шарифлардан ўргандик. Мусулмонлар ушбу таълимотларни ўзларига сингдириб олиб, ҳаётларига татбиқ қилганлар. Мусулмонлар фарзанд ўлимига сабр қилишнинг инсоният тарихидаги нодир намуналарини кўрсатганлар.

Биргина мисол келтирайлик: 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Абу Анаснинг олдига келиб: 

«Бугун сен ёмон кўрган нарса ила келдим», деди.

«Сен доимо олдимга анави аъробийнинг олдидан мен ёмон кўрган нарсани олиб келаверасан!» деди Абу Анас.

«У аъробий эди. Лекин Аллоҳ уни танлаб олиб, ихтиёр қилиб Пайғамбар қилди».

«Келтирган нарсанг нима?!»

«Ароқ ҳаром қилинди».

«Бу сен билан менинг ажрашимиз», деди. Сўнгра мушрик ҳолда ўлиб кетди. 

Сўнгра Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Умму Сулаймнинг олдига келди. Умму Сулайм унга: 

«Модомики мушрик экансан, сенга тегмайман», деди.

«Йўқ. Бу сенинг тақдиринг эмас».

«Менинг тақдирим нима?»

«Сенинг тақдиринг сариқ (тилло) билан оқ (кумуш)да».

«Албатта, мен гувоҳлик бераман ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам гувоҳ қиламанки, агар сен мусулмон бўлсанг, сенинг Исломинг туфайли розиман. Эй Анас, тур! Амакингни бошлаб бор!» деди Умму Сулайм. 

У (Абу Талҳа) туриб қўлини елкамга қўйди. Бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашганимизда у зот бизнинг каломимизни эшитдилар ва кейин: 

«Мана, Абу Талҳа икки кўзи орасида Ислом иззати!» дедилар. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди ва: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу», деди. 

Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун уни уйлаб қўйдилар. Аёли унга ўғил туғиб берди. Бола катта бўлиб йўлга кирди. Отаси уни жуда ҳам яхши кўрар эди. Бир куни Аллоҳ таборака ва таоло болани қабз қилди.

Абу Талҳа келиб: 

«Ўғлимнинг ҳоли қандоқ, эй Умму Сулайм?» деди.

«Жуда яхши. Тушликни қилиб олмайсанми?! Бугун тушлигинг кеч қолиб кетди?» деди ва унга таомни тақдим қилиб туриб: 

«Эй Абу Талҳа, бир қавм бошқасидан вақтинчаликка бир нарсани олиб турса, у уларда Аллоҳ хоҳлаганича қолса-да, кейин эгалари қайтариб олса, вақтинчалик олиб турганлар хафа бўлиши керакми?» деди.

«Йўқ», деди Абу Талҳа.

«Ўғлинг дунёни тарк этди», деди Умму Сулайм.

«Қани у?!»

«ҳов ана, ётоқхонада».

У кириб, боланинг юзини очди ва истиржо айтди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, Умму Сулаймнинг гапини айтиб берди. Шунда У зот: 

«Мени ҳақ ила юборган зотга қасамки, Аллоҳ бу кеча боласига сабр қилгани учун, унинг раҳмига бир ўғил бола илқо қилди», дедилар.

У болани туғди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Эй Анас, онангнинг олдига бориб, ўғлингни киндигини кесганингдан кейин, унга ҳеч нарса татитмай туриб менга юбор, дедилар, дегин», дедилар.

У (онам) болани икки қўлимга қўйди. Мен уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб қўйдим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Менга учта Ажва хурмоси келтир», дедилар. Мен келтирдим. У зот уларнинг данагини олиб ташлаб оғизларига солиб чайнадилар ва боланинг оғзини очиб солдилар, бола тамшана бошлади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ансорий-да, хурмони яхши кўради!» дедилар. Сўнгра: 

«Онангга бориб, Аллоҳ сенга бундан барака берсин ва уни яхши ҳамда тақводор қилсин, деб айт», дедилар.

Имом ал-Баззор ривоят қилган.

935 - وَعَنْ أَبِي مُوسَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا مَاتَ وَلَدُ العَبْدِ قَالَ اللهُ تَعَالَى لِمَلاَئِكَتِهِ: قَبَضْتُمْ وَلَدَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: قَبَضْتُمْ ثَمَرَةَ فُؤَادِهِ؟ فَيَقُولُونَ: نَعَمْ، فَيَقُولُ: فَمَاذَا قَالَ عَبْدِي؟ فَيَقُولُونَ: حَمِدَكَ وَاسْتَرْجَعَ، فَيَقُولُ اللهُ تَعَالَى: ابْنُوا لِعَبْدِي بَيْتاً فِي الْجَنَّةِ، وَسَمُّوهُ بَيْتَ الْحَمْدِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [1021].


Улашиш
|
|
Нусха олиш