940. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўғиллари Иброҳимнинг ҳузурига кирганларида у жон таслим қилаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ёш тўка бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф у зотга: «Сиз ҳам-а, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди. У зот: «Эй Ибн Авф, бу раҳматдир», дедилар. Сўнг кетидан яна йиғлаб: «Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимизни рози қиладиганидан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар».
Имом Бухорий ривояти. Имом Муслим ҳам унинг баъзисини ривоят қилган.
Ушбу бобга тегишли саҳиҳ ҳадислар кўп ва машҳурдир. Валлоҳу аълам!
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича бўлган:
«Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга темирчи Абу Сайфнинг олдига кирдик. У Иброҳимнинг – унга Аллоҳнинг саломи бўлсин – сут отаси* эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни олиб, ўпдилар ва ҳидладилар. Кейинроқ унинг олдига яна кирдик. Иброҳим жон таслим қилаётган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ёш тўка бошлади. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу у зотга: «Сиз ҳама, эй Аллоҳнинг Расули?!» деди. У зот: «Эй Ибн Авф, бу раҳматдир», дедилар. Сўнг кетидан яна йиғлаб: «Албатта, кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, аммо Роббимиз рози бўладигандан бошқани айтмаймиз. Албатта, биз сенинг фироқингдан жуда маҳзунмиз, эй Иброҳим», дедилар».
* «Сут ота» деб боланинг асл отаси бўлмай, уни эмизишга ёлланган аёлнинг эрига айтилади. Сут ота ҳам ота ҳукмида бўлади, чунки ҳадисларга кўра насаб билан собит бўлган нарса эмизиш билан собит бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мория Қибтийя онамиздан кўрган ўғиллари Иброҳимни Абу Сайф ал-Қайн лақабли кишининг хотинлари эмизганини билиб оламиз. Абу Сайфнинг исмлари Баро ибн Авс ал-Ансорий бўлиб, темирчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам Абу Сайф – қилич отаси куняси билан аталган.
Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар:
1. Туғилган болани бошқа аёлга эмиздириш жоизлиги.
2. Болани эмизган аёлнинг эри хотинини эмган болага эмизукли ота бўлиши.
3. Боласи эмиздирилаётган жойга бориб, ота фарзандини кўриб туриши кераклиги.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болажон эканлари. Ўғиллари Иброҳимни кўриб, қўлга олиб ўпиб, ҳидлашлари шуни кўрсатади. Мусулмон оталар ўз Пайғамбарларидан ўрнак олишлари керак.
5. Анас розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз ҳузурларидаги мартабалари, ихлос билан хизмат қилишлари. Буни Иброҳим эмизилаётган уйга икки марта киришда ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлганларидан билиб оламиз.
6. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим эмизилаётган уй – Абу Сайф ал-Қайн розияллоҳу анҳунинг уйида жон бергани.
7. Яқин кишиси ўлган одам овоз чиқармай, кўзидан ёш тўкиб йиғласа жоизлиги.
8. Улуғ, олим одамлардан баъзи бир тасарруфотлар содир бўлганда уни нима учун қилганини сўраш мумкинлиги.
9. Яқин кишиси ўлган одам кўзидан ёш тўкиб, қалбидан маҳзун бўлиши мумкинлиги.
10. Яқин кишиси вафот этган одам фақат Аллоҳни рози қиладиган гапларни айтиши кераклиги.
11. Вафот этган одамга биз сенинг фироқингдан маҳзунмиз, дейиш ёки шунга ўхшаш гапларни айтиш мумкинлиги.
940 - وَعَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَى ابْنِهِ إِبَرَاهِيمَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ وَهُوَ يَجُودُ بَنَفْسِهِ، فَجَعَلَتْ عَيْنَا رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ تَذْرِفَانِ، فَقَالَ لَهُ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ عَوفٍ: وَأَنْتَ يَا رَسُولَ اللهِ؟! فَقَالَ: «يَا ابْنَ عَوْفٍ؛ إِنَّهَا رَحْمَةٌ»، ثُمَّ أَتْبَعَهَا بِأُخْرَى، فَقَالَ: «إِنَّ الْعَيْنَ تَدْمَعُ، وَالقَلْبَ يَحْزَنُ، وَلَا نَقُولُ إِلَّا مَا يُرْضِي رَبَّنَا وَإِنَّا لِفِرَاقِكَ يَا إِبْرَاهِيمُ لَمَحْزُونُونَ» رَوَاهُ البُخَارِيُّ، وَرَوَى مُسْلِمٌ بَعْضَهُ [خ 1303، م 2315].
وَالأَحَادِيثُ فِي البَابِ كَثِيرَةٌ فِي الصَّحِيحِ مَشْهُورَةٌ، وَاللهُ أَعْلَمُ.