958-ҳадис

958. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Биз Бақиъйул ғарқадда бир жанозада эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, ўтирдилар. Биз ҳам у зотнинг атрофларида ўтирдик. У зотнинг қўлларида ҳассалари бор эди. Бошларини қуйи солиб, ҳасса билан ерга чизиб туриб: «Сизлардан ҳар бирингизнинг дўзах ва жаннатдан бўлган маконингиз ёзиб қўйилгандир», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, (унда амал қилиб ўтирмасдан) ўша ёзиб қўйилган тақдир китобимизга суяниб ўтираверайликми?» дейишди. Шунда у зот: 

«Амал қилинглар. Зеро, ҳар ким ўзи нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар қилингандир…», деб ҳадисни охиригача зикр қилдилар.

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан шунга ўхшаш ҳадис ривоят қилинади: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли билинганми?» дейилди. 

«Ҳа», дедилар. 

«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар?» дейилди. 

«Зеро, ҳар ким ўзи нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар қилингандир», дедилар». 

(Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисда саҳобаи киромлар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан қадар тўғрисида дастлабки маълумотларни эшитган одамда пайдо бўладиган саволларни сўрамоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дастлаб қадар тўғрисидаги гапларни эшитганларидан сўнг, уларда ҳам бу савол туғилган бўлиши мумкин. Саҳобаи киромлар томонидан:

 «Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат аҳли ва дўзах аҳли билинганми?» дейилди. 

Яъни, ким жаннат аҳли, ким дўзах аҳли бўлиши олдиндан билинганми, дейишди. Билувчи маълум ва машҳур бўлганидан «билинганми» лафзи қазои қадар илмдан эканига яна бир далилдир. «Белгиланганми», «тайин қилинганми», «ҳукм қилинганми» каби сўзлар ишлатилмаган, балки, «билинганми» ишлатилган. Бу саволга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа», дедилар.

Яъни, «Ҳа жаннат аҳли ва дўзах аҳли билинган», деганлар.

«Унда амал қилувчилар нима учун амал қиладилар», дейилди».

Яъни, жаннат аҳли кимлиги ҳам, дўзах аҳлининг кимлиги ҳам билинган бўлса, унда овора бўлиб амал қилишнинг нима кераги бор? Ана шу маънодаги саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зеро, ҳар ким ўзи нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар қилингандир», деб жавоб бердилар. 

Бу жумлага уламоларимиз: «Ҳар бир инсон ўзи учун халқ қилинган амалга муяссар бўлади: саодатманд инсон, саодат аҳлининг амалига, бадбахт инсон эса, шақоват аҳлининг амалига муяссар бўлади, шунинг учун Аллоҳ амр қилган амалларни қилиш ҳар бир инсондан матлубдир», деб маъно берганлар. 

Ҳа, Аллоҳ таоло барча бандаларини амал қилишга амр этган. Шариатнинг ҳаммаси ҳам, Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам Аллоҳнинг бандаларига қилган амрларидан иборатдир. Ушбу амрларга амал қилиш бандадан талаб қилинган. Ўша амрларга амал қилган бандага саодат ваъда қилинган.

Шунингдек, бандаларга қазои қадарга иймон келтириш амр қилинган. Қазои қадарга иймон келтирган бандага саодат, иймон келтирмаган бандага бадбахтлик ваъда қилинган.

Аммо бандаларга қазои қадар тўғрисида тортишиш, чуқур кетиш буюрилмаган. Аллоҳнинг бу ҳақдаги илмини билиш ҳам, қазои қадарни баҳона қилиб, амални тарк этиш ҳам амр қилинмаган.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсоннинг келгуси ишларда қазои қадарни қандоқ тушуниши лозимлиги баён этилган. Мусулмон инсон бўлажак ишларда «Ҳар ким ўзи нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар қилингандир» жумласини шиор қилиб олиб, ўзини амалга уриши керак. Ўзи учун яхши амаллар муяссар эканини исботлашга ҳаракат қилиши керак. 

Бундай яхши ишларга муяссар бўлганда эса, хурсанд бўлиши даркор. Баъзи кўнгилсиз ишлар бўлиб қолганда, уларни хато, ожизлик ҳисоблаб, дарҳол тавба қилиши, ёмон амаллар ўзи учун муяссар эмаслигини исбот қилишга уриниши керак.

Бўлажак ишлар қаршисида мусулмон инсон ўзини қазои қадарга нисбатан қандай тутиши лозимлиги тўғрисидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баёнлари ана шундан иборат. Саҳобаи киромларнинг ҳамда салафи солиҳларимизнинг тушунчалари ва амаллари ана шундан иборат. Улар доимо ўзларини яхши ишга муяссар кишилар, дея ҳисоблаб яшаганлар. Мусулмон бўлишларини катта бахт аломати, деб билишган. Ҳаётлари давомида ўзларини доимо яхши ишга уриб яшашган. Тақво билан бетавфиқликка бирданига дуч келсалар, яхши амалга муяссар бўлиш ниятида ўзларини тақвога урганлар. Сахийлик билан бахилликка дуч келсалар, ўзларини сахийликка урганлар. Ишчанлик ва дангасаликка дуч келсалар, ўзларини ишчанликка урганлар. Бутун умрларини қандай қилиб кўпроқ савобли амал қилар эканман, деган фикр ва ҳаракат билан ўтказганлар. Шунинг учун ҳам улар чарчоқ, машаққат, қийинчилик ва ўлимдан заррача қўрқмаганлар. Шунинг учун ҳам барча тўсиқларни осонлик билан енгганлар. Шунинг учун ҳам уларга доимо муваффақият ёр бўлган.

Қазои қадарга бўлган шу шаклдаги иймон заифлашганда эса, ҳамма ишлар орқага кетди. Амал қилиш ўрнига қазои қадарни тескари таъвил қилиб, «амалнинг фойдаси бўлармикан ёки йўқми» деб, қуруқ сафсата сотилганда ишлар расво бўлди. Бунинг натижасида, беҳуда жанжал кўпайди. Исломий фазилатлар ўрнини иккиланиш, қўрқоқлик, дангасалик ва бошқа разолатлар олди. 

Натижада, салафи солиҳлар ўрнига Қуръони Каримда айтилганидек: «Уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган ўринбосарлар келдилар».

Мусулмонлар ўз шахсиятларини, муносиб ўринларини тикламоқчи бўлсалар, қазои қадарга бўлган иймонини аввалги соф ҳолига келтиришлари ҳам ўта зарур ишлардан бири эканини унутмасликлари керак.

958 - عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا فِي جِنَازَةٍ فِي بَقِيعِ الْغَرْقَدِ، فَأَتَانَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَقَعَدَ، وَقَعَدْنَا حَوْلَهُ، وَمَعَهُ مِخْصَرَةٌ فَنَكَّسَ وَجَعَلَ يَنْكُتُ بِمِخْصَرتِهِ، ثُمَّ قَالَ: «مَا مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ إلَّا قَدْ كُتِبَ مَقْعَدُهُ مِنَ النَّارِ وَمَقْعَدُهُ مِنَ الجَنَّةِ» فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ أَفَلَا نَتَّكِلُ عَلَى كِتَابِنَا؟ فَقَالَ: «اعْمَلُوا، فَكُلٌّ مُيَسَّرٌ لِمَا خُلِقَ لَهُ...» وَذَكَرَ تَمَامَ الحَدِيثِ. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 4945، م 2647].


Улашиш
|
|
Нусха олиш