967-ҳадис

967. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аёл келиб, «Эркаклар ҳадисларингизни эшитиб кетишяпти. Бизга ўзингиз бир кунни ажратинг, ҳузурингизга келайлик, Аллоҳ ўргатган нарсалардан бизга ҳам ўргатасиз», деди. У зот: «Фалон-фалон куни йиғилинглар», дедилар. Улар йиғилишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурига келиб, Аллоҳ у зотга ўргатган нарсалардан уларга ўргатдилар, сўнг шундай дедилар: «Қай бирингиз учта фарзандидан айрилган бўлса, улар унинг учун дўзахдан тўсиқ бўлади», дедилар. Шунда бир аёл: «Иккита-чи?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иккита бўлса ҳам», дедилар».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган хулосалар: 

1. Саҳобия аёлларнинг илмга, шариат аҳкомларини ўрганишга бўлган иштиёқлари зўрлиги. 

Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оммага қилаётган ваъзлари, таълим-тарбияларидан ҳам қониқмай, ўзларига алоҳида бир кун тайин қилишларини сўрашлари шуни кўрсатади. Мўмина-муслима аёллар доимо шундоқ ҳимматли бўлишлари керак. 

2. Пайғамбаримизнинг камтарликлари ва мусулмонларнинг талабларига ҳозиржавобликлари. Аёлларга алоҳида тайин қилинган кунда бориб уларга алоҳида ваъз айтишлари шуни кўрсатади. 

3. Аёлларга ваъз қилганда кўпроқ аёлларга хос мавзуда гапириш кераклиги.

4. Ўлган учта фарзанд ўзларидан кейин қолган оналари учун дўзахдан парда бўлишлари.

5. Кези келганида савол бериш жоизлиги.

6. Онасидан олдин вафот этган икки фарзанд ҳам онаси учун дўзахга парда бўлиши.

967 - وَعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الخُدْرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: جَاءَتِ امْرَأَةٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ؛ ذَهَبَ الرِّجَالُ بحَدِيثِكَ، فَاجْعَلْ لَنَا مِنْ نَفْسِكَ يَوْماً نَأْتِيكَ فِيْهِ تُعَلِّمُنَا مِمَّا عَلَّمَكَ اللهُ، قَالَ: «اجْتَمِعْنَ يَوْمَ كَذَا وَكَذَا» فَاجْتَمَعْنَ، فَأَتَاهُنَّ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ فَعَلَّمَهُنَّ مِمَّا عَلَّمَهُ اللهُ، ثُمَّ قَالَ: «مَا مِنْكُنَّ مِن امْرَأَةٍ تُقَدِّمُ ثَلَاثَةً مِنَ الوَلَدِ إِلَّا كَانُوا لَهَا حِجَاباً مِنَ النَّارِ»، فَقَالَتِ امْرَأَةٌ: وَاثْنَينِ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «وَاثْنَيْنِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 7310، م 2633].


Улашиш
|
|
Нусха олиш