970-ҳадис

970. Саҳоба Сохр ибн Вадоъа ал-Ғомидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим, умматимнинг тонгини баракали қилгин», деганлар. У зот сарийя ёки лашкар юборадиган бўлсалар, эрта тонгда юборар эдилар. Мен тижоратчи эдим, қачон тижорат молини юборадиган бўлсам, эрта тонгда юборар эдим. Бой бўлиб, молим кўпайиб кетди».

Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Саҳархезлик яхши ва баракали экани ҳақида аввал ҳам келган эди. Бу ривоятда эса бу ишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетгани ва, айниқса, тижорат ишида тажрибадан ўтганлиги таъкидлаб айтилмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ораларида бўлмаган мусулмон жангчиларнинг гуруҳи «сарийя» деб аталган. Ҳатто лашкар ҳам эрта тонгда ҳаракатга киришса, унга зафар ёр бўлар экан.

Ушбу ҳадиснинг ровийи Сохр ал-Ғомидий ўзлари ривоят қилган ҳадисга оғишмай амал қилганлари туфайли бойиб кетган эканлар.

Ҳар бир нарсада эрта саҳардан ҳаракат қилиш жуда ҳам фойдали ва баракотли. Чунки бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетган. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Нима иш қиладиган бўлсак, эрта саҳардан бошлашга одатланишимиз керак. Ўз меҳнати билан ризқу рўз топиш Ислом умматининг энг яхши авлоди — саҳобаи киромларнинг, энг кўзга кўринган сиймоларнинг одатлари эди.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўзларига ўзлари хизматчи эдилар. Уларнинг ҳидлари чиқиб кетар эди. Ғусл қилиб олсаларингиз..., деб айтилди», деганлар.

Яъни, саҳобаи киромларнинг тижорат, зироат ва саноатда куйиб-пишиб ишлаганларидан терлаб, нохуш ҳидлар пайдо бўлиб кетар экан. Шунинг учун уларга ғусл қилиб олиш тавсия қилинар экан.

Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади: 

«Абдурраҳмон ибн Авф Мадинага келганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Саъд ибн Робиъ ал-Ансорий билан биродар қилиб қўйдилар. Саъд бой одам эди. У Абдурраҳмонга сенга молимни ярмини бераман, сени уйлаб қўяман, деди. У эса: «Аллоҳ сенинг аҳлингга ҳам, молингга ҳам барака берсин. Менга бозорни кўрсатиб қўйинглар», деди. 

У ўша ердан аҳли байти учун қурут ва сарёғ орттириб келди. Бир оз (ёки Аллоҳ хоҳлаганича) вақт ўтганидан кейин у устида сариқ бўёқ билан келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Бу қаердан?!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ансорийлардан бир аёлга уйландим», деди.

«Унга нима тақдим қилдинг?» дедилар.

«Бир данак тилло (ёки бир данак вазнича тилло)», деди.

«Битта қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қил», дедилар».

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Саъд ибн Робиъ розияллоҳу анҳунинг молу мулкини олиб, у уйлаб қўйган аёл билан роҳатда яшасалар бўлар эди. Лекин бундоқ қилмадилар. Ўз касблари билан ҳаёт кечиришни афзал кўрдилар. Шундоқ бўлди ҳам.

Касб қилишдан мурод ризқ топишдир. Ризқ топишга ҳаракат қилган ҳар бир одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ ризқ топишни хоҳлайди. Ҳар бир одам ҳам ризқи кенг ва мўл бўлишини истайди. Хўш, бу орзуга эришишнинг йўли қандоқ?

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким ризқининг кенг бўлишидан ёки умрининг узоқ бўлишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар.

Демак, ота-онага, қариндош-уруғларга яхшилик қилиш лозим.

970 - وَعَنْ صَخْرِ بْنِ وَدَاعَةَ الغَامِدِيِّ الصَّحَابيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «اللَّهُمَّ؛ بَارِكْ لأُمَّتِي فِي بُكُورِهَا» وَكَانَ إِذَا بَعَثَ سَرِيَّةً أَوْ جَيْشاً بَعَثَهُمْ مِنْ أَوَّلِ النَّهَارِ، وَكَانَ صَخْرٌ تَاجِراً، وَكَانَ يَبْعَثُ تِجَارَتَهُ أَوَّلَ النَّهَارِ، فَأَثْرَى وَكَثُرَ مَالُهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 2606، ت 1212].


Улашиш
|
|
Нусха олиш