972-ҳадис

972. Амр ибн Шуъайб оталаридан, оталари эса боболари розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир отлиқ шайтон, икки отлиқ икки шайтон, учта бўлса отлиқ жамоадир», дедилар».

Абу Довуд, имом Термизий ва Насаийлар саҳиҳ санадлар билан ривоят қилишди. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Бу ҳадисдан сафарда бир ва икки киши бўлса, шайтоннинг ёмонлигидан омон бўмасликлари мумкинлиги, агар уч ва ундан кўп бўлса, ҳақиқий жамоа бўлиб, шайтоннинг ёмонлигидан, иншааллоҳ, омонда бўлишлари тушунилади.

Ёлғиз сафарга чиққан инсоннинг бир шайтон, икки инсоннинг икки шайтон қаторида кўрилиши, шайтонга итоат қилганнинг, шайтонлашган ҳолга тушганга ўхшатишдир. Бу билан бирга шайтонни ёлғиз юришига ҳам ишора қилмоқда. Шайтон инсонларга ёмон ишларни чиройли қилиб кўрсатганлиги учун ёлғиз ёки икки киши бўлиб сафарга чиққан вақтда бир талай хавф-хатар ва ёмонликлардан сақлана олишмайди. Шайтон уларга турли йўллар билан таъсирини кўрсатади. Лекин уч киши бўлишса, жамоа демакдир. Ибодатларини биргаликда қилишда, бир-бирига ёрдам беришда, хавф хатарни олдини олишда, кучларини бирлаштиради. Шайтоннинг нотўғри йўлга бошлашидан ҳам сақланиб қолишади. Бу аслида жамоат бўлиш ҳиссини, жамият назоратини ва мудофаа кучини яратиш демакдир. Сафарда бундай жамият ва руҳий кучга ҳақиқатда ҳам эҳтиёж бордир. 

Ҳозирги кунимизда шахсий машиналари билан ёлғиз ёки икки киши бўлиб сафарга чиққан баъзи инсонларнинг қонундан ташқари ишлар бажаришгани, бу билан бирга энг замонавий йўлларда ҳам босқинчиларга дуч келиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шу сабабдан сафарга чиққанда шайтонга, шайтоний ишлар бажариш имконини бермаслик учун энг озида уч кишилик жамоатлар, гуруҳлар тузиш доимо энг тўғри йўл бўлиб қолади. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг бу кўз қарашлари ва тавсиялари барча пайтга ва барча макон учун ўз кучини йўқотмайди. Зеро бошқа бир ҳадисда: «Аллоҳнинг ёрдами жамоат билан биргадир», деб айтганлар (Имом Термизий, ва Насаий ривояти).

Ҳадисимизни қуйидагича тушуниш хам мумкин. Шайтон бир ва икки кишини осонликча адаштириш ва уларга ёмонлик қилиш пайига тушади. Уч киши бўлса бу фикридан воз кечади. 

Ҳадисдан ўрганганларимиз:

1. Пайғамбаримиз с.а.в. энг оз уч кишилик гуруҳлар билан сафарга чиқишни тавсия қилганлар.

2. Ёлғиз ёки икки киши бўлиб сафарга чиққанлар шайтоннинг тузоғига осонликча тушишади

3. Ҳаётдаги хар қандай вазиятда жамоат бўлишга харакат қилиш керак.

972 - وَعَنْ عَمْرٍو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «الرَّاكِبُ شَيْطَانٌ، وَالرَّاكِبَانِ شَيْطَانَانِ، وَالثَّلاَثَةُ رَكْبٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ، وَالنَّسَائِيُّ بِأَسَانِيدَ صَحِيحَةٍ، وَقَالَ التِّرْمِذِيُّ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 2607، ت 1674، سك 8798].


Улашиш
|
|
Нусха олиш