974. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ҳамроҳларнинг энг яхшиси (камида) тўртта бўлишидир. Сарийяларнинг энг яхшиси (камида) тўрт юз кишилигидир. Лашкарнинг энг яхшиси (камида) тўрт минг кишилигидир. Ўн икки минглик лашкар озчилик бўлгани туфайли мағлуб бўлмайди».
Абу Довуд ва Термизий ривояти. Термизий ҳасан ҳадис, дедилар.
Шарҳ: Ёлғиз сафарга чиқишни хуш қаршиламаган Пайғамбаримиз с.а.в. сафарда гуруҳнинг тўрт кишидан тузилишини етарли деб ҳисобламоқдалар. Нима сабабдан тўрт киши лозимдир? Бу масала бўйича турлича изоҳлар билдирилган. Имом Ғаззолийнинг изоҳи қисқача шундайдир. Сафарга чиққан инсон ёнидан ажрамайдиган бир шерикка муҳтождир. Гуруҳнинг эҳтиёжларини таъмин этиб турадиган бошқа бирига ҳам эҳтиёж бордир. Бу иккинчи инсон ишларини бажаришда яна бирига эҳтиёжи бўлади. Сафар пайтида ҳеч қандай вазиятда ёлғиз қолмаслик учун энг озида тўрт киши бўлиши керак. Ҳадисимизда тавсия қилинган рақамларнинг барчаси тўрт сонининг карраларидир. Тўрт юз, тўрт минг, ўн икки минг. Булар бир бинонинг тўрт устун орқали кўтарилиши каби ҳарбий қисмларда ҳам шундай тўртлик ва тўлақонли шаклланиш зарурлигини кўрсатади. Ўн икки кишидан тузилган бир қўшиннинг мағлуб бўлиш сабаби қўшиннинг оз сонда эканлигидан эмас, балки аксинча кўп эканлигига ишониб, душман тарафни паст назар билан қарашлик каби бир талай нотўғри йўллар сабабли бўлиши мумкин. Бу баёнда тажрибага боғлиқ бир тараф ҳам кўрилган. Билиниб турганидек, Ҳунайн ғазотида мусулмонларнинг қўшини ўн икки минг киши эди. Шу сабабли мусулмонлар кўплигига ишонишганди. Аллоҳ таоло бу хақиқатни бир оятда (Тавба сураси, 25-оят) қуйидагича очиқлагандир. «Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ сизни бир қанча жойда, Ҳунайн ғазотида ҳам ёрдам берганди, У куни сиз кўплигингиз билан мақтанган эдингиз. Фақат сизга ҳеч қандай фойдаси ҳам бўлмаганди».
Баъзи бир ислом олимлари бу ҳадисни далил қаторида кўрсатиб, мусулмон қўшиннинг ўн икки минг бўлганида, қувватнинг озлиги туфайли- душманнинг сони қанча бўлишига қарамай уруш майдонида белгиланган жойдан кетмасликлари керак эканлигини айтишган.
974 - وَعَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «خَيْرُ الصَّحَابةِ أَرْبَعَةٌ، وَخَيْرُ السَّرَايَا أَرْبَعُ مِئَةٍ، وَخَيْرُ الجُيُوشِ أَرْبَعَةُ آلَافٍ، وَلَنْ يُغْلَبَ اثْنَا عَشَرَ أَلْفًا عَنْ قِلَّةٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [د 2611، ت 1555].