986-ҳадис

986. Яна у кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда баъзан ортда қолиб, заифларни илгари ундаб, ортларига мингаштириб олар, уларнинг ҳаққига дуо қилардилар».

Абу Довуд ҳасан иснод билан ривоят қилдилар. 

Шарҳ: Зотан Суюкли Пайғамбаримиз с.а.в. саҳоба ва умматларига нимани тавсия қилган бўлсалар, уни аввал ўзлари бажарганлар. Ўзининг қилмаган ишларини ҳеч қачон тавсия қилмаганлар. Чунки у зот, ҳаётда қандай яшашимизни ўргатган намунали йўлбошчи эдилар. 

Пайғамбаримиз с.а.в. заифларнинг ортда қолганларнинг ҳолини кузатишлари, уларни ўз отларига миндиришлари, уларга дуо қилишлари, бундай илтифотга ноил бўлган мусулмонлар учун шубҳасиз буюк бир бахтиёрликдир. Бу ерда Пайғамбаримиз с.а.в.нинг дуо қилишлари ўзгача қийматлидир. Йўл ҳамроҳларига феълан ёрдам бериш моддий бир яхшиликдир. Унга дуо қилишлик эса, бу ишнинг маънавий ва руҳий дастак бериш тарафидир. Бу эса йўл ҳамрохларига моддий ҳамда руҳий ёрдам бериш кераклигини англатмоқда. Моддий ёрдамга кучи етмаган пайтда, дуо билан унга маънавий ёрдам беришлик унинг учун буюк яхшиликдир. Гуруҳ ва армия бошлиқларининг бундай ҳаракатларда ўзларининг ўрнак бўлиб атрофидагиларга ўргатиши гўзал вазифа ҳамда Пайғамбаримиз с.а.в.нинг суннатидир. 

Ҳадисдаги заифлар қисмига ҳайвонларни ҳам киргизадиган бўлсак, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг шафқат ва дуолари инсонлар билангина чегараланиб қолмаганига, ҳайвонларни ҳам ўз ичига олганига гувоҳ бўламиз. Бу эса сафарда фойдаланган ҳайвонларни муҳофаза қилиш алоҳида бир фазилат эканлиги юзага чиқади.

986 - وَعَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَتَخَلَّفُ فِي الْمَسِيرِ، فَيُزْجِي الضَّعِيفَ، وَيُرْدِفُ وَيَدْعُو لَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ بِإِسْنَادٍ حَسَنٍ [2639].


Улашиш
|
|
Нусха олиш