995. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч дуо шак-шубҳасиз мустажобдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, отанинг фарзандига қилган дуоси», деб айтдилар.
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Термизий бу ҳадисни ҳасан, деб айтган. Абу Довуддан қилинган ривоятда «фарзандига» деган лафз йўқ.
Шарҳ: Уч тоифа одамнинг дуоси шак-шубҳасиз қабул бўлар экан.
Биринчиси: ким бўлишидан қатъи назар, ноҳақдан зулмга қолган инсон зулмга қолгани сабабли дуо қилса, дуоси ижобат бўлади.
«Зулм»нинг луғавий маъноси «бирор нарсани ўз ўрнидан бошқа ерга қўйиш»дир. Демак, бир одамга зулм бўлса, у одам ноҳақ жабр чекади. Аслида жабр чекмаслиги керак эди. Ана шундай ҳолатга дучор бўлгани учун Аллоҳ таоло у банданинг дуоси қабул бўладиган ҳолатга келтириб қўйган экан.
Демак, мазлумлардан дуо сўраш ва уларнинг дуоибадига қолмаслик учун ҳаракат қилиш керак бўлади.
Иккинчиси – мусофирнинг дуоси. Мусофир инсоннинг ҳам дуоси қабул бўлар экан, чунки банда сафарда юрганида Аллоҳга яқин бўлади. Бола-чақадан, қавм-қариндошдан, бошқа қулайликлардан ва ўрганиб қолган жойларидан узоқда қийинчиликни бўйнига олиб, Аллоҳга таваккул қилиб юрган бўлади. Ўша вақтда банданинг Аллоҳга яқинлиги кучли бўлади. Шунинг учун соф қалбли, ибодатли, эътиқодли, Аллоҳнинг айтганини қилиб юрган, шариатни маҳкам тутган мусофирнинг дуоси мақбул.
Мусофирларга нон-сув бериш, уларга ёрдамдан бўйин товламаслик мўмин-мусулмонларга одат бўлганининг сабаби ҳам шудир. Мусофирнинг дуосини олиб қолиш, унинг кўнглини қолдирмаслик, дуоибадига учрамаслик учун қадим-қадимдан мўмин-мусулмонлар мусофирларга ҳар доим яхши муомала қилиб келганлар – ўз уйларидан жой берганлар, ўзлари емай, уларга едирганлар. Мусофир муҳтож бўлган барча ёрдамларни беришга уринишган ва кўпгина бошқа хайр-барака ишларини қилишган.
Учинчиси – ота-онанинг ўз фарзандига қилган баддуоси. Ота-она фарзанди учун қандай дуо қилса, ҳеч шак-шубҳасиз қабул бўлар экан. Шунинг учун фарзанд доимо ота-онанинг яхши, хайрли дуосини олишга ҳаракат қилиши, ота-она эса доимо хайрли дуо қилиб, дуоибад қилишдан ўзини сақлаб, фарзандидан маълум бир хатолар ўтса, камчиликлар содир бўлса, сабр қилиб, ёмон дуо қилишга шошилмаслиги керак бўлади.
995 - عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «ثَلَاثُ دَعَوَاتٍ مُسْتَجَابَاتٌ لَا شَكَّ فِيْهِنَّ: دَعْوَةُ الْمَظْلُومِ، وَدَعْوَةُ الْمُسَافِرِ، وَدَعْوَةُ الوَالِدِ عَلَى وَلَدِهِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ. وَلَيْسَ فِي رِوَايَةِ أَبي دَاوُدَ: «عَلَى وَلَدِهِ» [د 1536، 1905].