997. Хавла бинти Ҳаким розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир манзилга тушгандан кейин «Аъуузу бикалимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ» деса, унга ўша манзилидан жўнаб кетгунича ҳеч нарса зарар етказмайди», деганларини эшитганман».
* Маъноси: «Аллоҳнинг мукаммал калималари билан У Зот яратган барча нарсаларнинг шарридан паноҳ тилайман»
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Пайғамбаримиз сафарда диққат қилиниши керак бўлган барча масалаларни баён қилганлар.
Баъзи ҳашаротлар инсонга зарар бериши табиий. Хусусан сафар асносида адир ва тоғларда бундай ҳолат кузатилиши мумкин. Бу масалада инсон моддий чораларни кўриш билан бирга Аллоҳдан паноҳ тилайди.
Бошқа тарафдан бу ҳадис жоҳилият давридан қолган хато бир тушунчани тузатмоқда. Ривоятга кўра жоҳилият даврида инсонлар бир етда тунаб қолганларида жинларни назарда тутган ҳолда, «Бу водийнниг эгасига сиғинаман», деб айтишар эди. Шу каби кўринишларга ушбу оят ишорат қилган: «Ва албатта, инсдан баъзи кишилар жинларнинг баъзи кишиларидан паноҳ сўрардилар. Бас, бу (жин)лар у (инсон)ларнинг гуноҳ ва хорлигини зиёда қилдилар.» (Жин сураси, 6-оят).
Ҳолбуки Аллоҳдан бошқа ҳеч нарса уларга фойда ва зарар беролмайди. Шундай экан ёлғиз Аллоҳдангина ёрдам сўрашимиз керак.
997 - عَنْ خَولَةَ بِنْتِ حَكِيمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «مَنْ نَزلَ مَنْزِلًا ثُمَّ قَالَ: أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ مَا خَلَقَ، لَمْ يَضُرَّهُ شَيْءٌ حَتَّى يَرْتَحِلَ مِنْ مَنْزِلِهِ ذَلِكَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2708].