1427-ҳадис

1427. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Икки калима бор – тилга енгил, тарозида оғир ва Раҳмонга суюклидир: «Субҳааналлоҳи ва биҳамдиҳии, Субҳааналлоҳилъазиим».*

* Маъноси: «Аллоҳни поклаб ёд этаман ва У Зотга ҳамд айтаман. Буюк Аллоҳни поклаб ёд этаман».

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар”, деб марҳамат қилган. (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар).

Зикр деганда, биринчи навбатда Аллоҳни зикр қилишни тушунилади. Аллоҳни зикр қилиш қалбни унга боғлаш демакдир. У мени кузатиб турибди, деган фикр доимий инсон хаёлида бўлиши бу – зикрдир. Банда Аллоҳни кўп зикр қилиш билан турли гуноҳлардан узоқлашади. Унинг қалбида беҳуда фикрларга ўрин қолмайди. Дунёга ҳирс қўйиш, унинг зикри билан банд бўлишдан халос бўлади. Аллоҳнинг зикри билан банд бўлган қалбда турли кўнгилхушликларга, инсонга манфаатсиз маишатларга жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган банданинг қалбига унинг муҳаббатидан ўзга муҳаббат сиғмайди, сўзлаганда аввало тилида Аллоҳнинг исми жо бўлади.

Оллоҳ таоло пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим оятларини нозил қилиб, мўмин мусулмонларга учраб турадиган яхши ва ёмон сифатларни бир қанчасини зикр қилди. Шу жумладан пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо солаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадиси шарифларида мўминларда учрайдиган баъзи бир ижобий ва салбий сифатларни санаб ўтганлар. Гуноҳга қўл уриш,бировни алдашлик ,омонатга хиёнат қилиш , ғийбат, бўҳтон ва беҳуда гапларни гапиришлик мўминларга хос бўлмаган салбий сифатлар ҳисобланади.Ваҳоланки бандалар бу гуноҳлардан тийилиб ибодатларда бардавом бўлсалар ва доимо Оллоҳни зикр қилсалар бу амаллари билан Оллоҳ таолога яқин бўладилар.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло

“Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Менга шукр қилингиз, ношукурлик қилмангиз”, деган (Бақара сураси, 152-оят).

Аслида Аллоҳ бандаларнинг уни зикр қилишларига муҳтож эмас. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин оятда бундай дейилиши бандалар учун яхшиликдир. Чунки, бандалар Аллоҳни эслашлари билан Аллоҳ уларни эслашига эришадилар. Албатта, зикр билан зикрнинг фарқи бор. Ожиз бир банданинг эслаши қаердаю, оламларнинг Рабби бандани эслаши қайда! Имом Бухорий пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Ей одам боласи! Агар мени ўзинг танҳо эсласанг, мен ҳам сени ўзим танҳо эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, мен ҳам сени кўпчилик ичида эслайман”, деган.

Зикрларнинг энг афзали ва бутуни бу – Қуръони каримдир. Унинг биргина оятини тиловат қилиш билан банда қанчадан-қанча савобга эга бўлади. Пайғамбаримиз ўз ҳадисларида таълим берган зикрлар ҳам кўпки, булар ҳақида алоҳида китоблар таълиф этилган.

1427 - وَعَنْ أَبِي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «كَلِمَتَانِ خَفِيفَتَانِ عَلَى اللِّسَانِ، ثَقِيلَتَانِ فِي الْمِيزَانِ، حَبِيبَتَانِ إِلَى الرَّحْمَنِ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، سُبْحَانَ اللهِ العَظِيمِ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6406، م 2694].


Улашиш
|
|
Нусха олиш