1431-ҳадис

1431. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга Аллоҳ учун энг маҳбуб каломни айтайми? Аллоҳ учун энг маҳбуб калом – «Субҳааналлоҳи ва биҳамдиҳи», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Заррдан: «Аллоҳ энг рози бўлган сўзни сенга ўргатайми?» деб сўраганларида, Абу Зарр: Эй Аллоҳнинг Расули билдиринг, деб севинган эдилар. «Мен Аллоҳни нуқсон сифатлардан пок деб биламан ва Унга ҳамд айтаман» деган маъноли зикрни ўргатган эдилар. Шундан сўнг Абу Зарр бу зикрни оғзидан туширмадилар. Абу Заррнинг саҳиҳ Муслимдаги бошқа ривоятида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Қайси сўз (зикр) фазилатлироқ?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг фаришталари ва қуллари учун танлаган «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», сўзидир, деб жавоб берганлар.

Шубҳасиз закрларнинг энг устуни Аллоҳнинг Каломи бўлган Қуръони Каримдир. Уни ўқиш, маъносини тушуниб ўқишга ҳаракат қилиш шубҳасиз инсонни кўпроқ савобга эга қилади. Ҳадисда айтилган зикрларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ ўргатганлигида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ҳадиснинг бошқа ривоятида «Аллоҳнинг фаришталарига ва қулларига танлаган» зикри, сўзи ҳам буни билдиради. Шундай бўлган тақдирда ҳам бу зикрларнинг савобини Қуръон ўқишнинг савоби билан қиёслаш тўғри бўлмайди. Шунингдек инсон ҳар доим Қуръон ўқий олмайди. Шунинг учун ҳам бир инсон фурсатдан фойдаланиши ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган зикрларни кўп айтиши керак. 

1431 - وَعَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُخْبِرُكَ بِأَحَبِّ الكَلَامِ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ؟ إِنَّ أَحَبَّ الكَلَامِ إِلَى الله: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2731/85].


Улашиш
|
|
Нусха олиш