1435-ҳадис

1435. Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлиб, салом бергач, «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳуу лаа шариика лаҳ, лаҳулмулку ва лаҳулҳамд, ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодиир. Аллоҳумма, лаа мааниъа лимаа аътойт, ва лаа муътийа лимаа манаът, ва лаа янфаъу залжадди минкалжадд»* деб айтардилар».

* Маъноси: «Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк Уники, ҳамду сано Уники. У Зот барча нарсага қодир. Аллоҳим, Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ. Даргоҳингда сарват эгасига сарват фойда бермас».

Муттафақун алайҳ.


Шарҳ: Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида машҳур саҳобий Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоздан фориғ бўлиб, салом берган кейин ўқийдиган дуолари ҳақида хабар беришни сўраганларида у киши шу ривоятда келтирилган маънодаги хатни ёзган эканлар.

Кўпчилик кишилар ушбу набавий дуони ёдлаб олиб, ўқиб юрадилар. Билмаганлар ёдлаб олсалар, яхши бўлади.

Бу дуо ва зикр икки жумладан тузиган. Биринчиси, намоздан кейин тасбеҳ айтиб бўлгач ўқилган “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодир” жумласи. 

1429-ҳадиснинг изоҳида бу мавзуда кўплаб маълумотлар айтилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тасбеҳлардан кейин бу зикрни айтган кишининг гуноҳлари денгизнинг кўпигичалик бўлса ҳам кечирилишини айтганлари ривоят қилинган эди. Мазкур ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зикрни ҳар куни юз маротаба такрорлаган кимсанинг “ўнта қул озод қилган баробарида бўлибди. Унга юзта ҳасанот ёзилиб, юзта ёмонлиги ўчирилади, кеч киргунича шайтондан омонда бўлади” даб айтганлари ривоят қилинган.

1430-ҳадисда ҳам бу зикр ҳақида айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, кунига ўн маротаба бу зиикрни айтган кимса Исмоил зурриётидан тўрт кишини озод қилгандек бўлади.

Иккинчи жумладаги: “Аллоҳумма лаа маниъа лимаа аътойта ва лаа муътия лимаа манаъта ва лаа янфаъу зал жадди минкал жадд” зикридир. Аллоҳ таолонинг қудратини энг мукаммал шакли билан очиғлаган биринчи зикр каби бу зикрда ҳам, куч ва қудратнинг эгаси ягона Аллоҳ экани, мол-мулки туфайли ўзини қудратли деб ўйлаган ғофил бандаларга Аллоҳнинг истагисиз бойлигининг ҳеч қандай фойдаси йўқ эканлиги очиқ бир шаклда айтилмоқда. Фақат бойликлари эмас, ўзини кучлиман деб ҳисоблаганларга кучи, ўзини катта деб билганларга катталиги, султонларга салтанати Аллоҳ хоҳламаган тақдирда ҳеч қандай фойда бера олмаслиги айтилмоқда. Инсонга фақат қилган солиҳ амаллари, тоат ва яхшиликлари фойда беришини унутмаслигимиз керак.

1435 - وَعَنِ الْمُغِيرةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا فَرَغَ مِنَ الصَّلَاةِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ، وَلَهُ الحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، اللَّهُمَّ؛ لَا مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ، وَلَا مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ، وَلَا يَنْفَعُ ذَا الجَدِّ مِنْكَ الجَدُّ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 844، م 593].


Улашиш
|
|
Нусха олиш