1443. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозга турсалар, ташаҳҳуд билан саломнинг орасидаги охирги айтадиган нарсалари (яъни, саловотдан кейин): «Аллоҳуммағфирлий ма қоддамту ва ма аххорту ва ма асрорту ва ма аъланту ва ма асрофту ва ма анта аъламу биҳи минний, антал муқоддим ва антал муаххир, ла илаҳа илла анта», дер эдилар.
Маъноси: «Аллоҳим! Олдинги ва кейинги қилмишларимни, сир ва ошкор қилмишларимни, исрофларимни ва ўзимдан кўра Сен яхшироқ биладиган нарсаларимни мағфират қил! Муқаддим (олдинга қўювчи) ҳам Ўзингсан, Муаххир (орқага сурувчи) ҳам Ўзингсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича эди:
«Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга турганларида шундай дер эдилар: «Юзимни ҳаниф ўлароқ еру осмонларни яратган Зотга юзлантирдим. Мен мушриклардан эмасман. Албатта, намозим ҳам, қурбонлигим ҳам, ҳаёту мамотим ҳам оламларнинг Робби Аллоҳгадир. Унинг шериги йўқдир. Мен мана шунга буюрилганман ва мен мусулмонларданман.
Аллоҳим! Сен подшоҳсан, Сендан ўзга илоҳ йўқ. Сен Роббимсан, мен эса қулингман. Ўзимга зулм қилдим, гуноҳимни эътироф этдим, барча гуноҳларимни мағфират қил, зотан, гуноҳларни фақат Сенгина мағфират қиласан. Мени энг гўзал хулқларга ҳидоят этгин, унинг энг гўзалларига фақат Сенгина ҳидоят этасан ва унинг ёмонларини мендан нари қилгин, унинг ёмонларидан фақат Сенгина нари қила оласан. Лаббай, амрингдаман! Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Ёмонлик Сен сари эмас. Мен эса Сен ила бордирман ва Сен сари борурман. Сен баракотли ва олийдирсан. Сендан мағфиратингни сўрайман ва Сенга тавба қиламан».
У зот рукуъ қилганларида: «Аллоҳим! Сенга рукуъ қилдим, Сенга иймон келтирдим ва Сенга таслим бўлдим. Қулоғим, кўзим, миям, суягим ва асабларим ҳам Сенга юкунмиш», дер эдилар.
(Рукуъдан бош) кўтарганда эса: «Аллоҳим, Роббимиз! Сенга осмонлар тўла, ер тўла ва бу икковининг ораси тўла ва ундан кейин нимани хоҳласанг, ўшалар тўла ҳамд бўлсин!» дер эдилар.
Сажда қилганларида: «Аллоҳим! Сенга сажда қилдим, Сенга иймон келтирдим ва Сенга таслим бўлдим. Юзим ўзини яратган, суврат берган ҳамда қулоғу кўзини очган Зотга сажда қилди. Халқ қилувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотлидир», дер эдилар.
Кейин ташаҳҳуд билан саломнинг орасида айтадиганларининг энг охиргиси ушбу эди: «Аллоҳим! Олдинги ва кейинги қилмишларимни, сир ва ошкор қилмишларимни, исрофларимни ва ўзимдан кўра Сен яхшироқ биладиган нарсаларимни мағфират қил! Муқаддим (олдинга қўювчи) ҳам Ўзингсан, Муаххир (орқага сурувчи) ҳам Ўзингсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ», дер эдилар». (Имом Муслим ривояти)
Изоҳ: «Ҳаниф» сўзи аслида «қинғир қадам босадиган», «маймоқ» дегани бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмининг ширк динидан юз ўгиргани учун у кишини шундай номлашган. Кейин Аллоҳ таоло бу сифатни ноҳақликдан ҳақ томон юриш маъносида Иброҳим алайҳиссалом учун мақтов қилиб берди ва у зот эътиқод ҳамда амал қилган тавҳид дини шу ном билан аталадиган бўлиб қолди. Бинобарин, «ҳаниф ўлароқ» деганда ботилдан юз буриб, ҳаққа юзланиб, тавҳид асосида деган маъно тушунилади.
«Ҳаёту мамотим ҳам оламларнинг Робби Аллоҳгадир» – яъни уларнинг эгаси Аллоҳдир ва уларни фақат Аллоҳ учун фидо қилгум.
«Лаббайка ва саъдайка» ибораси луғатда «Мен мана шу ердаман, хизматингизга тайёрман, ҳамиша шундайман ва бундан бахтиёрман» деган маънони билдиради ва ўзбек тилидаги «Буюринг, амрингизга мунтазирман» деган жумлага тўғри келади. Бу ерда Аллоҳнинг тоатига чин кўнгилдан ҳозирлик ва бу билан бахтиёрлик туйиш маъноларини англатиб келган.
«Ёмонлик Сен сари эмас». Бу жумлани бир неча маънода тушуниш мумкин: 1. Ёмонлик Сенга нисбат берилмайди, яъни гарчи ёмонлик ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлсада, одоб юзасидан У Зотга нисбат берилмайди. Бунга олдинги жумла ҳам ишорадир; 2. Ёмонлик билан Сенга яқинлик ҳосил қилинмайди; 3. Ёмонлик Сен қилган ёмонлик ҳисобланмайди, балки махлуқот қилган ёмонлик бўлади. Сенинг барча ишинг адолат бўлади, яхшилик келтиради.
«Мен эса Сен ила бордирман ва Сен сари борурман» – яъни Сен яратганинг учун борман, аслида йўқ эдим ва қайтишим ҳам Сенгадир. Бу жумлани яна «тавфиқим фақат Сендандир, Сенгагина сиғинурман», «Сендангина паноҳ тилайман, Сенгагина юзланаман» деган маъноларда ҳам тушуниш мумкин.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Дуо ташаҳҳуддан кейин, саломдан олдин ўқилиши.
2. Намозда ушбу маънода дуо қилишнинг яхшилиги.
1443 - وَعَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ إِذَا قَامَ إِلَى الصَّلَاةِ يَكُونُ مِنْ آخِرِ مَا يَقُولُ بَيْنَ التَّشَهُّدِ وَالتَّسْلِيمِ: «اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ، وَمَا أَسْرَرْتُ وَمَا أَعْلَنْتُ، وَمَا أَسْرَفْتُ، وَمَا أَنْتَ أَعْلَمُ بِهِ مِنِّي، أَنْتَ الْمُقَدِّمُ، وَأَنْتَ الْمُؤَخِّرُ، لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [771].