1448. Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саждаларида: «Аллоҳуммағфирлии занбии куллаҳу, диққоҳу ва жиллаҳу ва аввалаҳу ва аахироҳу, ва ъалаанийатаҳу ва сирроҳу», дер эдилар».
* Маъноси: «Аллоҳим, ҳамма гуноҳларимни: кичигини ҳам, каттасини ҳам, аввалгиларини ҳам, кейингиларини ҳам, ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам мағфират қилгин».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Юқоридаги ҳадисда рукуъ ва сажданинг аҳамияти белгиланмоқда. Шунингдек қулнинг Роббисига энг яқин бўлган бу пайтдан қандай фойдаланиш кераклиги айтилмоқда.
Биринчи руку ва сажданинг аҳамиятига очиғлик киритайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 1446-рақамли ҳадисда «Рукуъда Аллоҳни улуғланглар» деб буюриш орқали бу ҳолатнинг Аллоҳга Улуғлаш ва Унга қуллигини билдириш учун лойиқ вақт эканлигини билдирдилар. Шунинг учун бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганларидек «Субҳана роббиял аъзийм» (Буюк Роббимни барча нуқсонлардан поклаб ёд этаман) деб Аллоҳга ҳурматимизни бажо келтирамиз.
Шу ҳадиснинг давомида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «саждада дуони кўпайтиринглар, чунки (саждадаги дуо) ижобат бўлишга лойиқдир» деб буюрганлар. Зеро саждада инсонниг ғурури бир четга сурилиб, инсоннинг ҳеч ким эмаслигини тушунган, Аллоҳдан бошқа ибодат қилиш учун лойиқ зот йўқ эканлигини билган ва чин кўнгилдан Роббининг қудрати олдида таслим бўлганлигини кўрсатган бир ҳолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Раббига энг яқин бўладиган пайти саждада турганидадир» деб, инсоннинг саждадаги ҳолатини баён қилмоқдалар. Банданинг бундай тавозе билан Роббисининг раҳматига, марҳаматинига яна ҳам тезроқ етишини ўйлаб, «Саждада кўп дуо қилинг!» деб буюрганлар.
Сажда бандани Роббисига яқинлаштиришининг тарихий томони ҳам бор. Қуръонда айтилганидек, Аллоҳ таоло Одам (а.с.)ни яратганда фаришталарга «Одамга сажда қилинг!» деб буюрган. Шунда бутун фаришталар сажда қилган фақат иблис кибри туфайи бош тортган ва Аллоҳнинг раҳматидан ажраб кофирлардан бўлган эди. (Бақара сураси, 34-оят).
Инсон Жаноби Ҳақнинг ҳузурида пешонасини ерга қўйиб, сажда қилиши билан «Аллоҳим мен сенинг Қудратинга бўйин сунаман, ҳузурингда сажда қиламан. Мен шайтоннинг ёнида эмас, фаришталарнинг сафида бўлишни хоҳлайман. Менинг қуллигимни қабул қил» деб, Роббига ёлвормоқда. Саждани аҳамиятли қилган ҳам, қулнинг ушбу самимиятидир. Инсон Роббига яқин бўлган ҳолат ва вақтларни билиши ва бу вақтларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганидек дуо қилиб ўтказиши керак. Бу ерда қулнинг Роббига яқин бўладиган яна бир вақт айтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларнинг бирида хабар берганларидек туннинг учдан бири ўтганида таҳажжуд намоз ўқиладиган вақт қулнинг Роббига яқин бўлган вақтлардандир. (Имом Термизий ва Насоийривояти). Бу вақтларни ғанимат билишимиз керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждада дуо-зикр қилишга ундамоқдалар. Ўзи ҳам Қуръонда бир қанча ерда келган «фасаббиҳ би ҳамди роббика (Бас, Роббинга ҳамд ила тасбиҳ айт)» (мисол, Ҳижр сураси, 98-оят, Тоҳа сураси, 130-оят, Каҳф сураси, 39-оят) буйруғига бўйинсуниб, рукуъ ва саждада Роббига ҳамд ва тасбиҳ айтганлар.
Яна Қуръоннинг жуда кўп ерида келган «Роббиғфир лий (Роббим мени мағфират қил)» (Аъроф сураси, 151-оят, Сод сураси, 35-оят) каби оятларга амал қилган ҳолатда саждада Аллоҳдан афв ва мағфират тилаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг гуноҳлари мағфират қилинган бўлсада, бу дуоорқали умматнинг мағфиратини тилаганлар. Шундай йўл билан бизларга Аллоҳдан қандай қилиб мағфират тилашни ўргатдилар. Биз рукуъда айтган «Субҳана роббиял азийм» (Буюк Роббимни барча айб-нуқсонлардан поклаб ёд этаман) ҳамда саждада айтган «Субҳана роббиял аъла» (Олий Роббимни барча нуқсонлардан поклаб ёд этаман) зикрларини ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлар.
Рукуъ ва саждада ҳар турли муҳтожликнинг айтиб ёрдам сўралиши мумкин. Ҳар ҳолатда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган зикр ва дуолар ўқилиши керак. Нафл намозларда инсон бу дуо ва зикрларни беш, етти, ўн ва ўн бир маротаба айтса ҳам бўлади.
1445-ҳадисда келган «Суббуҳун» ва «Қуддус» сўзлари Жаноби Ҳақнинг сифатларидандир. Бу ерда «Сен Руҳнинг Роббисисан» дейилган. Бу ерда Руҳ, Жаброил алайҳиссалом бўлиши мумкин. Бошқа турли кўз қарашларда Руҳ, олий хусусиятларга эга буюк бир фариштадир. Яна бошқа кўз қарашда, Руҳ сўзи билан фаришталар ҳам кўра олмаган нарсалар назарда тутилганлигини айтганлар бўлган. Фаришталар ва Руҳнинг Робби сўзи, уларнинг итоаткор ва Аллоҳга ҳар доим ибодат қилганлигини хабар қилади.
1448 – وَعَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ فِي سُجُودِهِ: «اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي ذَنْبِي كُلَّهُ؛ دِقَّهُ وَجِلَّهُ، وَأَوَّلَهُ وَآخِرَهُ، وَعَلَانِيَتَهُ وَسِرَّهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [483].