1455. Яна у кишидан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Муфарридлар ўзиб кетишди», дедилар. «Муфарридлар ким, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар», дедилар».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Ҳадиснинг тўла шакли қуйидагича келтирилган:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка йўлида кетаётган эдилар, Жумдон деган тоғнинг олдидан ўтаётиб, «Юринглар. Бу – Жумдон. Муфарридлар ўзиб кетишди», дедилар. «Муфарридлар ким, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркак ва аёллар», дедилар». (Имом Муслим ривояти).
«Муфаррид» сўзи якка, алоҳида, ёлғиз деган маъноларни англатади. Шориҳларнинг айтишича, Жумдон тоғи кенгликда ёлғиз турган тоғ бўлгани учун, Аллоҳни кўп зикр қилиб, бошқалардан ўзиб кетганлар унга ўхшатилган.
Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:
«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва буюк ажрни тайёрлаб қўйгандир» (35-оят).
Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага келиши ва бардавом бўлишига олиб келади. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардан саналади.
Қалби очиқ зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳидан бошқа жойда нажот йўқлигини англаб етганлар. Аллоҳ таолонинг даргоҳига эса У Зотга бўлган ҳақиқий муҳаббат ила вафот этмагунча эришиб бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат эса маҳбубни давомли зикр қилиш ва уни тарк этмаслик ила собит бўлади.
Давомли зикрга кераксиз ишларни, беҳуда ўйин-кулгини ташлаб, кечаси ва кундузи учун вазифа қилиб олинган зикрларни бажариш билан эришилади.
Охират саодатини ирода қилган банда ўзига истиғфор, таҳлил, такбир, салавот каби зикрларни вазифа қилиб олиб, уларни доимий равишда адо этиб юради.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда зикрнинг даражалари ҳақида сўз юритмоқда.
«Зикрни унда Аллоҳ билан ҳозир бўлмаганинг учун тарк қилма! Чунки У Зотнинг зикри йўқлигидаги ғафлатинг Унинг зикри борлигидаги ғафлатингдан оғирроқдир».
Қуръони Каримда эслатилган зикрдан мурод Аллоҳ таолони эслаш бўлиб, у қалб амалларидан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:
«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарру-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма» (205-оят).
Яъни Аллоҳни доимо зикр қилиб юр. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани эшитиб турувчи Зотдир. Унга қарата баланд овозда дуо ёки зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Энг муҳими, зикр бардавом бўлиши ва дилдан чиққан, тазаррули бўлиши шарт. Акс ҳолда инсон ғофиллардан бўлиб қолади.
Аллоҳ таолони қалб билан зикр қилишга эришиш учун аввал У Зотни тил билан зикр қилишни йўлга қўйиш зарур бўлади. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни дастлаб Аллоҳ таолони тил билан зикр қилишга чорлар эдилар.
1455 - وَعَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «سَبَقَ الْمُفَرِّدُونَ» قَالُوا: وَمَا الْمُفَرِّدُونَ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الذَّاكِرُونَ اللهَ كَثِيراً وَالذَّاكِرَاتُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2676].
رُوِيَ: «الْمُفَرِّدُونَ» بِتَشْدِيدِ الرَّاءِ وَتَخْفِيفِهَا، والْمَشْهُورُ الَّذي قَالَهُ الجُمْهُورُ: التَّشْدِيدُ.