1456-ҳадис

1456. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Зикрнинг афзали «Лаа илааҳа иллаллоҳ»дир, деганларини эшитдим».

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис, дедилар.


Шарҳ: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғдир» (Анкабут сураси, 45-оят).

Ибн Умайр айтадилар: “Ким бошини тўшакка қўйганда Аллоҳни зикр қилса, кейин шу ҳолатда ухлаб қолса, то уйғонгунича зикр қилувчилардан деб ёзилади”.

Фақиҳ айтадилар: “Зикр Аллоҳ таолодан афв ва мағфират демакдир. Агар банда Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират билан зикр қилади”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бир нарсанинг сайқали бор, қалбнинг сайқали Аллоҳни зикр қилишдир”.

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир, Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай амалга ошириб боришдир.

Аллоҳ кўп зикр қилингандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлар биздан узоқлашади.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гапларга, сўкинишларга, кишига обрў келтирмайдиган ҳолатларга жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларга жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган қалбга Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг тилига аввало Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин унинг ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби «Аллоҳ, Аллоҳ» деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга етади. Ана шунда зокирлик мақомига эришади.

1456 - وَعَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «أَفْضَلُ الذِّكْرِ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ» رَوَاه التِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ [3383].


Улашиш
|
|
Нусха олиш