1463. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай ҳолатларида ҳам Аллоҳни зикр қилаверар эдилар»
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: Қулчиликнинг энг афзали ҳар доим Жаноби Ҳақни эслаш, Уни тилдан туширмасликдир. Қулларнинг энг устуни бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шу сабабли ўтирганларида, юрганларида, ётганларида, маркабга миниб бир ерга кетаётганларида, таҳоратли, таҳоратсиз ҳолда, юқорида айтилган зикрларни айтиш орқали Аллоҳни эслар эдилар. Аллоҳни ҳар доим қалби орқали эслаш ва қалбидан чиқармаслиги ҳам энг катта зикрдир. Жаноби Ҳақни кўп эслаш ҳақида келган ривоятларда ушбу ҳолат зикр қилинган. Инсон ҳар ҳолатда ва ҳар доим Аллоҳни зикр қилса бўлишини айтган олимлар, жунуб ва ҳайз ҳолатларида Қуръон ўқилмаслиги масаласида ихтилоф қилишган. Олимларнинг кўпчилиги жунуб ва ҳайзли киши Қуръон ўқишни ҳаром деган. Аммо инсон бу ҳолатда бўлса ҳам зикр ва дуо ниятида «Бисмиллаҳ» ва «Алҳамдулиллаҳ» дейишига қарши бўлмаганлар.
1463 - وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَذْكُرُ اللهَ تَعَالَى عَلَى كُلِّ أَحْيَانِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ [373].