1467. У киши ва Абу Саид розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Қайси бир қавм Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб ўтирса, уларни фаришталар қуршаб олади, раҳмат чулғаб олади, устларига сакийна нозил бўлади ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».
Имом Муслим ривояти.
Шарҳ: «Сакийна»-сокинликдан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлик, хотиржамликни англатади.
Демак, масжидда жам бўлиб Қуръони каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлик, хотиржамлик тушади. Қуръони каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.
«Фаришталар қуршаб олади».
Яъни, ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!
«Уларни раҳмат чулғаб олади».
Яъни, ўша масжидда ўтириб, Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак?!
«Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».
«Аллоҳнинг ҳузуридагилар» «Малауъил аъло» номли олий мақом зотлардир. Бу энг олий мақом бўлиб, Қуръон тиловат қилган, уни ўрганган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олий мақом зотлар билан бирга зикр қилар экан.
Бу дунёда бирор мансабдор бир одамнинг номини тилга олиб қўйса, ўша одам умрбод «фалончи акам мени фалон жойда, фалон вақтда зикр қилган», деб ғурурланиб юради.
Энди Аллоҳ таоло ўз ҳузуридаги энг олий мақом зотлар қаторида зикр қилиши қанчалик бахт эканини тасаввур қилиб кўринг. Бу олий мақомга эришиш эса жуда ҳам осон. Аллоҳ таолонинг китоби – Қуръони каримни тиловат қилиш, уни ўрганиш керак, холос.
1467 - وَعَنْهُ عَنْ أَبي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَا: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَقْعُدُ قَوْمٌ يَذْكُرُونَ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ إِلَّا حَفَّتْهُمُ الْمَلَائِكَةُ، وَغَشِيَتْهُمُ الرَّحْمَةُ، وَنَزَلَتْ عَلَيْهِمُ السَّكِينَةُ، وَذَكَرَهُمُ اللهُ فِيمَنْ عِنْدَهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ [2700].