1468-ҳадис

1468. Абу Воқид Ҳорис ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар, уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди, биттаси қайтди. Ҳалиги иккови Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рўпараларига келиб тўхтади. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди, иккинчиси орқага ўтирди, учинчиси эса ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин шундай дедилар: «Сизларга ҳалиги уч киши ҳақида айтиб берайми? Улардан бири Аллоҳга юкинган эди, Аллоҳ унга (даргоҳидан) жой берди. Бошқаси эса  ҳаё қилган эди, Аллоҳ ҳам (уни ажру савобсиз қолдиришга) ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирган эди, Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди». 

Муттафақун алайҳ.

Шарҳ: Ҳадиснинг ровийси мусулмонлар ҳаётида бўлиб ўтган бир ҳодисани ўзи қандоқ кўриб, эшитган бўлса, шундай қилиб нақл қилмоқда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар». 

Бу ерда илмий суҳбат қуриб, деган қўшимчани зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўлтирган бўлсалар, албатта, илмий суҳбат бўлиши турган гап. 

«Бирдан уч киши кириб келди». 

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан илмий суҳбат қуриб ўлтирган масжидга уч киши кириб келди.

«Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди». 

Ўша уч кишидан иккитасининг илмга рағбати бор экан, илмий суҳбатдан фойдаланмоқчи бўлиб, илм манбаси бўлмиш зот Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Учинчи кишининг илмга рағбати йўқ экан, илмий суҳбат бўлаётганини кўриб, ортга қайтди.

«Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди». 

Яъни, ҳалиги уч кишидан илмга қизиққан иккитаси бориб, Расулуллоҳнинг тепаларига тўхтади. Илмий суҳбатга қулоқ осишга жой ахтарди. 

Улардан бири илмий суҳбат учун ҳалқа қуриб ўтирган саҳобалар орасидан бўш жойни топиб ўтирди.

Иккинчиси унчалик илмга ўч эмас экан, ҳалқадагиларнинг орқасига келиб жойлашди. 

Учинчи илмга умуман қизиқмайдиган одам эса, бурилиб масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илмий суҳбатни давом эттиравердилар. 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин». 

Яъни, илмий суҳбатни тугатганларидан сўнг:

«Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми?» дедилар. 

Яъни, илмий суҳбат бўлиб турганда масжидга кириб, ўзларини уч хил тутган кишиларнинг хабарини берайми, дедилар. Ва улар ҳақида хабар беришни бошладилар.

«Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди». 

Бу ҳалқадан бўш жой топиб ўтирган одам. Одатда зулмга, тазйиққа учраган, хавф-хатарда қолган одам бошпана сўрайди. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм ҳалқасига келиб ўтирган одамни Аллоҳдан бошпана сўради, деб айтишлари улкан маъно касб этмоқда. Илм ҳалқасига ўлтирган одам жаҳолат, онгсизлик зулмидан, тазйиқидан ва улардан келадиган хавф-хатардан Аллоҳнинг паноҳига қочганини англатмоқда. Бундай бало-офатдан қутулиб қолишнинг бирдан-бир йўли илм йўли экани, илм орқалигина Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Илм талаб қилишга бунчалик тарғиб ҳеч қаерда йўқ.

«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди».

Бу ҳалқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга ўзига яраша муомала қилди. 

«Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди». 

Бу илмий мажлисдан юз ўгириб чиқиб кетган одам. Ҳадисда унинг илмдан юз ўгириши Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун ҳам ундан Аллоҳ юз ўгиргани баён қилинмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинаётган фойдалар:

1. Масжидларда илмий мажлислар уюштириш.

2. Илмий мажлисларда ҳалқа бўлиб ўтириш.

3. Илмий мажлис бўлаётган жойга кирганда дарҳол унга қўшилиш.

4. Иложи борича ҳалқага кириб ўтириш.

5. Ҳалқадан жой топилмаса, орқароққа бўлса ҳам ўтириш. 

6. Илмий мажлисни ташлаб чиқиб кетмаслик.

7. Илмий мажлисда ихлос билан иштирок этган одам Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиши.

8. Илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаё қилиши.

9. Илмдан юз ўгирган одамдан Аллоҳ ҳам юз ўгириши.

Энди ҳадиси шариф ҳикматидан ҳаётимизда қанчалик фойда олаётганимизни ўйлайлик.

Бугун илму маърифат қадрлими, молу дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсалар қадрлими?

Ҳозирги ҳаётимизда илм ҳалқасига ўзини урган қадрлими ёки сўму долларлар «ҳалқа»сига ўзини урган қадрлими?

Илмдан юз ўгирган одамни Аллоҳдан юз ўгирган одамдек қоралай оламизми? Бу ва бунга ўхшаш саволларга ушбу ҳадиси шариф руҳида ижобий жавоб беришимиз жуда мушкул.

Агар Аллоҳ таоло ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, илм ҳалқаларини кўпайтиришимиз, ҳаммамиз ўзимизни уларга уришимиз керак. Чунки илмсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

1468 - وَعَنْ أَبِي وَاقِدٍ الحَارِثِ بْنِ عَوْفٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ بَيْنَمَا هُوَ جَالِسٌ فِي الْمَسْجِدِ وَالنَّاسُ مَعَهُ؛ إِذْ أَقْبَلَ ثَلَاثَةُ نَفَرٍ، فَأَقْبَلَ اثْنَانِ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، وَذَهَبَ وَاحِدٌ، فَوَقَفَا عَلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ، فَأَمَّا أَحَدُهُمَا: فَرَأَى فُرْجَةً فِي الحَلْقَةِ فَجَلَسَ فِيهَا، وَأَمَّا الآخَرُ: فَجَلَسَ خَلْفَهُمْ، وَأَمَّا الثَّالِثُ: فَأَدْبَرَ ذَاهِباً، فَلَمَّا فَرَغَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَلَا أُخْبِرُكُمْ عَنِ النَّفَرِ الثَّلَاثَةِ: أَمَّا أَحَدُهُمْ: فَأَوَى إِلَى اللهِ فَآوَاهُ اللهُ، وَأَمَّا الآخَرُ: فَاسْتَحْيَا فَاسْتَحْيَا اللهُ مِنْهُ، وَأَمَّا الآخَرُ: فَأَعْرَضَ، فَأَعْرَضَ اللهُ عَنْهُ» مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 66، م 2176].


Улашиш
|
|
Нусха олиш