1475-ҳадис

1475. Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қул ҳуваллоҳу аҳад, Қул аъузу бироббил фалақ, Қул аъузу бироббин нас сураларини кечки пайт ва эрталаб уч мартадан айтсанг, сенга ҳар бир нарсада кифоя қилади», дедилар.

Абу Довуд ва Термизий ривоятлари. Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис, дедилар.

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Ҳубайб, Укба ибн Амр ва Жобир ибн Абдуллоҳ каби саҳобийларига бу сурани эрталаб ва кечқурун ўқишларини тавсия қилиш орқали бу сураларнинг аҳамиятини ўргатганлар. Уч саҳобийни ҳар бирининг исмларини айтиб сўнг: «Ўқи!» деб айтганлар. Улар: «Нимани ўқийлик эй Расулуллоҳ?» Деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини такрорлайдилар. Уч маротаба сўраб, уч маротаба бир хил жавоб берилгандан сўнг Аллоҳнинг расули эрталаб ва кечқурун Ихлос ва Муъаввазатайн сураларни ўқишни буюрдилар.

Ҳадиснинг бошқа ривоятларида Расулуллоҳ муъаввизатайн сураларининг аҳамияти ҳақида шундай дейди: «Инсонлар бу икки сурадан бошқа фазилатлироқ нарса орқали Аллоҳдан паноҳ сўрай олмайди» деб айтганлар. (Насаий ривояти).

«Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббиннас» деб бошланган икки сурага муъаввизатайн деб айтилади. Бу икки сурага «Қул ҳуваллоҳу аҳад» деб бошланган Ихлос сураси ҳам қўшилса, уччовини «Муъаввизаат», деб айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар оқшом ётоқларига ётишдан олдин ва вужудларида қандайдир оғриқ ҳис қилган вақтларида бу уч сурани ўқиб, қўлларига суфлар, кейин бошидан бошлаб таналарига сурар эдилар. Оиша онамиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғриқлари кучайган вақтда бу сураларни ўқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларига суфлар ва баданларига суртганларини айтадилар. (Имом Бухорий ривояти) 

Ҳадисда учта сура айтилиб «Сенга ҳар бир нарсада кифоя қилади» деб айтилгани, бошқа дуоларни ўқий олмаганларга бир туҳфа бўлиб, динимизнинг қулайликларидандир.

1475 - وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ خُبَيْبٍ - بِضَمِّ الْخَاءِ الْمُعْجَمَةِ - رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «اقْرَأْ: قُلْ هُوَ اللهُ أَحَدٌ، وَالْمُعَوِّذَتَيْنِ حِينَ تُمْسِي وَحِينَ تُصْبِحُ، ثَلَاثَ مَرَّاتٍ تَكْفِيكَ مِنْ كُلِّ شَيْءٍ» رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ، وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ [د 5082، ت 3575].


Улашиш
|
|
Нусха олиш