1478. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима билан Али розияллоҳу анҳумога: «Тўшакка ётсангиз ёки ўрнингизга ётсангиз, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар», ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳи», денглар», деб айтганлар.
Бошқа ривоятда: «Тасбиҳни ўттиз тўрт марта айтинг», яна биттасида: «Такбирни ўттиз тўрт марта айтинг», деганлар.
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Бу ҳадис билан алоқали жуда ажойиб воқеа мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ишларини хизматкорсиз ўзи бажарар эди. Бундан ҳеч шикоят қилмас эди. Фақат қўл тегирмонда ун чиқариш онамизга оғир келар эди. Али (р.а.) эса қудуқдан сув ташиш билан овора эди. Баъзида жанг асносида қўлга тушган асирлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳтож кимсаларга хизмат қилиши учун берар эдилар. Шу асирлардан бирини хизмат қилиши учун беришини сўрамоқчи бўлади. Бир куни Мадинага бир асир олиниб келганини эшитган Фотима (р.о.) отасининг ёнига борса, отаси уйида йўқ экан. Келишидан мақсадини Оиша (р.о.)га айтиб, отаси келса масалани тушунтиришини илтимос қилади. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кечроқ келди. Қизининг истагини эшитгач кеч бўлганига қарамай қизининг уйига йўл олди. Алий ва Фотима розияллоҳу анҳумо энди бироз дам олмоқчи бўлган эдиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ичкарига кириш учун рухсат сўраган овози эшитилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарига кириб ўтиргач, тўғридан-тўғри масалага ўтдилар. Ўша куни келган асирни Фотима онамизга беришларини айтдилар. Кейин эса уларга юқоридаги дуони ўқишларини тавсия қилиб, бу дуо улар учун бир хизматчидан яхшироқ эканлигини айтдилар. Шу орқали дунё ташвишларининг ўткинчи эканлигини билдирдилар.
«Али (р.а.) ўша кундан кейин бу зикрни ҳеч унутмаганлигини айтди. Буни эшитган бир саҳобага Сиффийн жангини эслатиб: «Сиффийн кечасида ҳам ўқидингми?» Деб сўради. Али (р.а.): «Ҳа, Сиффийн жангида ҳам ўқидим, деб жавоб берди». (Муслим ривояти).
Асҳоб киром Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга айтган тавсияларини бир ғанимат қатори кўришар эди.
Ҳадиснинг баъзи ривоятларида бу уч зикрдан бирининг ўттиз тўрт маротаба айтилиш тавсия қилинган бўлса ҳам, ҳар бирининг ўттиз уч маротабадан айтилиши ҳақидаги ривоят машҳур бўлган.
1478 - وَعَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَهُ وَلِفَاطِمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: «إِذَا أَوَيْتُمَا إِلَى فِرَاشِكُمَا – أَوْ: إِذَا أَخَذْتُمَا مَضَاجِعَكُمَا - فَكَبِّرَا ثَلَاثاً وَثَلَاثِينَ، وَسَبِّحَا ثَلَاثاً وَثَلَاثِينَ، وَاحْمَدَا ثَلَاثاً وَثَلَاثِينَ».
وَفِي رِوَايَةٍ: «التَّسْبِيحُ أَرْبَعاً وَثَلَاثِينَ». وَفِي رِوَايَةٍ: «التَّكْبِيرُ أَرْبَعاً وَثَلَاثِينَ» [خ 3705]. مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6318، م 2727].