1479. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз тўшагига кирса, тўшагини изорининг ички тарафи билан қоқиб ташласин, чунки у ўзидан кейин у ерга нима тушиб қолганини билмайди. Сўнг: «Бисмика Робби, вадоъту жанбии ва бика арфаъуҳуу, ин амсакта нафсии фарҳамҳаа ва ин арсалтаҳа фаҳфазҳаа бима таҳфазу биҳиссолиҳиин», десин».
Маъноси: «Роббим! Сенинг номинг билан ёнимни қўйдим ва Сен ила кўтараман. Агар жонимни тутиб қолсанг, унга раҳм этгин. Агар қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳларни муҳофаза қилган нарсанг ила муҳофаза этгин».
Муттафақун алайҳ.
Шарҳ: Муқимликда яшаган инсонлар бу ҳадисни тушунмасликлари мумкин. Фақат чўлларда, яйловларда ёки чодирларда яшаган инсонларга ҳар турли ҳашаротлар хавф солади. Пайғамбаримиз даврларида ҳамманинг уйи бўлган эмас, шунингдек ёруғлик воситаси ҳам етарли бўлган эмас. Жойини кўрмасдан ёки ҳадисда тавсия қиинганидек у ерни тозаламасдан ётган инсон бу ҳашаротлардан зарар кўриши мумкин. Умматига ҳар турли фойдали нарсаларни ўргатган Аллоҳнинг Расули, уларга ётоқга ётиш одобини ҳам ўргатганлар. Албатта буларни қилиш мажбурий эмас.
Ҳадисдаги «изорини қоқиб ташласин» жумласидаги изор, белдан пастига кийилган кийим.
Бу ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга ётишдан олдин Аллоҳдан қандай паноҳ сўраганларини, ўлимни ҳам ҳаётни ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ҳукмида эканлигига бўлган қаттиқ ишончлари кўриниб турибди. Бу ерда аҳамият берилиши керак бўлган бир масала, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимни ҳам ҳаёт каби оддий ҳолат қатори кўришларидир. Бир кун бирибир жонимни оласан, менга раҳмат ва марҳамат қил. Қабр ва охират азобидан мени сақла. Агар менга ҳаёт берадиган бўлсанг солиҳ қулларингни ҳар турли фалокатлардан қандай сақласанг мени ҳам шундай сақлагин, деб қилган дуолари, биз учун дарс ва ибрат бўлиши лозим.
Ҳадиснинг баъзи ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бисмика роббий» деб бошланган бу дуони, ўнг тарафга қараб ётгандан кейин айтилиши тавсия қилинган.
1479 - وَعَنْ أَبي هُرَيرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «إِذَا أَوَى أَحَدُكُمْ إِلَى فِرَاشِهِ فَلْيَنْفُضْ فِرَاشَهُ بِدَاخِلَةِ إِزَارِهِ؛ فَإِنَّهُ لَا يَدْرِي مَا خَلَفَهُ عَلَيْهِ، ثُمَّ يَقُولُ: بِاسْمِكَ رَبِّي وَضَعْتُ جَنْبي، وَبِكَ أَرْفَعُهُ؛ إِنْ أَمْسَكْتَ نَفْسِي فَارْحَمْهَا، وَإِنْ أَرْسَلْتَهَا فَاحْفَظْهَا بِمَا تَحْفَظُ بِهِ عِبَادَكَ الصَّالِحِينَ». مُتَّفَقٌ عَلَيهِ [خ 6320، م 2714].